Жаҳон | 09:06 / 27.01.2016
3760
1 дақиқада ўқилади

Reuters: АҚШда Зика вирусига чалиниш ҳолати қайд этилди

АҚШдан ташқарида саёҳат қилиб қайтган Виржиния штати фуқаросида Зика вируси аниқланди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Агентликнинг Виржиния соғлиқни сақлаш масалалари бўйича комиссарига таяниб хабар беришича, америкалик Зика вируси тарқалган давлатлардан бирида бўлиб қайтган. Бунда штатнинг бошқа фуқароларига ҳам вируснинг юқиш хавфи йўқ. Касалликнинг тарқалишида катта рол ўйнайдиган қон сўрар пашшалар мавсуми эмаслиги бунга сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Зика кучли тана ҳарорати, конъюнктивит (кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши), бош ва бўғинлар оғриғи, яллиғланиш жараёнлари, алоҳида ҳолатларда эса кўнгил беҳузур бўлиши ва қайт қилиш, ошқозонда бузилиш ва оғриқларни келтириб чиқаради. Касалликни асосан Aedes aegypti пашшалари тарқатади. Айни пайтда Осиё, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка, Тинч океани минтақаси давлатларида кенг тарқалмоқда.