Жаҳон | 23:29 / 28.01.2016
4511
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда 2015 йилда олтин ишлаб чиқарилиши 31 фоизга ошди

2015 йилда Тожикистонда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарилиши ҳажми сезиларли ошди. 2015 йилда 2014 йилдагига нисбатан олтин ишлаб чиқариш 31,6 фоизга, кумуш ишлаб чиқариш эса 61 фоизга ошди. Бундай маълумотларни журналистларга Душанбеда бўлиб ўтган матбуот-анжуманда Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шавкат Бобозода келтириб ўтди.

Бобозода 2015 йилда ишлаб чиқарилган олтин ҳажмини “сир” эканлиги сабабли айтмади. “Биз 1-рақамли қимматбаҳо металл бўйича маълумотларни фақатгина ўтган йилга нисбатан фоизларда тақдим қилишимиз мумкин”, деб айтди Бобозода.

Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазирлиги маълумотларига кўра, 2014 йилда Тожикистонда 3,2 тоннага яқин олтин ишлаб чиқарилган. Бундан келиб чиққан ҳолда, 2015 йилда 4,2 тонна олтин олинганини тахмин қилиш мумкин.

Бобозоданинг таъкидлашича, ўтган йили Тожикистон Миллий банки ва молия вазирлиги томонидан мамлакатда ишлаб чиқарилган олтинни сотиб олиш ҳажми кўпайди.

Шунингдек, 2015 йилда Тожикистонда тилла буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар мамлакатда ишлаб чиқарилган олтинни сотиб олишни бошлашди.

Тожикистонда олтин ишлаб чиқариш билан “Зарафшон”, “Апрелевка”, “Одина” қўшма корхоналари, Хитойнинг China Nonferrous Gold компанияси, маҳаллий “Назира”, “Ганж”, “Баракат” ва “Истиқлол” корхоналари ва яна бир нечта корхоналар шуғулланади.