Жамият | 10:12 / 29.01.2016
4379
2 дақиқада ўқилади

“Ўзкоммунхизмат” имтиёзли аҳоли тоифаларини санаб ўтди

“Ўзкоммунхизмат” агентлиги бош директори У. Холмуҳамедов, “Даракчи” мухбирининг саволларига жавоб бераркан, коммунал тўловларни ўташда қайси аҳоли қатламларига имтиёзлар тақдим қилинганини айтиб ўтди.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 14 апрелдаги ПФ 4715-сонли “Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича энг кам иш ҳақининг табақалаштирилган миқдорида компенсация пул тўловлари бериладиган шахслар имтиёзли тоифаларининг янги рўйхати тасдиқланди”, - деди мутахассис.

Имтиёзли тоифалар рўйхатига қуйидагилар киради:
1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслардан ташқари (ҳар ойда бериладиган компенсация пул тўловлари миқдори, энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан – 50 фоиз);
1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар (45 фоиз);
Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик меҳнат Қаҳрамонлари ва учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотланган шахслар. Фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари, Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар, кўриш қобилияти бўйича 1-гуруҳ ногиронлари, Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар, ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар (45 фоиз);
1941-1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти қатнашчилари (25 фоиз).