Ўзбекистонликлар ҳам “Бойқўнғир” ва “Шарқий” космодромларига саёҳат қилишлари мумкин
Ўзбекистон сайёҳлик операторлари ер усти космик туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳа доирасида ҳамкорлик қилиш учун Россиянинг Ер усти космик инфратузилмалари объектларидан фойдаланиш маркази реестрига киритилди.
Gazeta.uz`нинг “Роскосмос” давлат корпорацияси хабарига таяниб маълум қилишича, мазкур реестрга жами бўлиб 40дан зиёдроқ компания киритилган бўлиб, уларнинг 26таси Россия, 7та Қозоғистон ва 1таси Ўзбекистонда фаолият кўрсатади.
“Биз — сайёҳларни ушбу икки космодромга жўнатиш имкониятини расман қўлга киритган мамлакатимиздаги ягона компания ҳисобланамиз”, - деди Advantour менежери Шуҳрат Усмонов. — Айрим мижозларимиз истагига кўра, беш йилдан буён “Бойқўнғир”га турлар ташкил этишга ҳаракат қилиб келаётган эдик. Мана, ўтган ҳафтада шундай қувончли хабарни эшитдик”. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча саёҳатлар қандай тартибда амалга оширилиши маълум эмас. Яқин кунларда саёҳатлар шакли ва дастурлари эълон қилинади.