Жамият | 14:44 / 03.02.2016
7802
2 дақиқада ўқилади

Туркиялик ўқитувчи имтиҳонда берган саволи туфайли террорчилик тарғиботида айбланди

Анқара университети доценти террорчиликни тарғиб қилишда айбланмоқда. The Hurriyet Daily News нашрининг маълум қилишича, у имтиҳон чоғида Курдистон ишчи партияси етакчиси Абдулла Ўжолан ҳақида савол бергани боис шундай айблов қўйилмоқда.

“Туркияда сиёсий ҳаёт ва сиёсий институтлар” курсининг якунларига кўра олинган имтиҳонда сиёсатшунослик факультети доценти Ришот Бариш Унлу талабаларга Абдулла Ўжоланнинг икки матнини қиёслаб кўришни таклиф қилган: 1978 йилнинг “Курд инқилоби йўли тўғрисидаги манифест”и ҳамда 2012 йилнинг “Демократик модернизм Яқин Шарқда локал тизим конструкцияси сифатида” номли матни.

Ўқитувчи талабаларга турли концепциялар ва феноменлар, жумладан, мустамлакачилик, давлат-миллат, инқилобий зўравонлик ва демократияга бўлган ёндашувни таққослаб кўриб, 34 йил ичида курд озодлик ҳаракатида рўй берган ўзгаришларни аниқлашни топширган.

Аммо прокуратура бу хатти-ҳаракатларда “Ўжолан ғояларини қонунлаштиришга бўлган ҳаракат”ни кўрди. Терговчиларнинг фикрига кўра, курд етакчисининг матнларини талабаларга берган Унлу “Ўжолан фикрларига қонуний тус бериб, талабалар онгида унинг сиёсий етакчи эканлиги ҳақидаги нуқтаи назарнинг шаклланишига замин яратган, аслида эса у шунчаки муддатини ўтаётган ноқонуний террорчи ташкилот етакчисидир”. Прокурор доцентни етти йилга қамашни талаб қилмоқда. Унлунинг иши ўта оғир жиноят сифатида судда кўриб чиқилмоқда.