Ўзбекистон | 08:13 / 05.02.2016
38516
7 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокимининг ишдан олиниши сабаблари келтириб ўтилди

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 4 февраль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди: А.Усмонов Тошкент вилояти ҳокими вазифасидан озод қилинди ва Зангиота тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Содиқ Абдуллаев Тошкент вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессия ишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўз нутқида вилоятдаги мавжуд муаммолар, собиқ раҳбар йўл қўйган камчиликларга атрофлича тўхталиб ўтди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Сессияда вилоятдаги мавжуд 14 та туманнинг 7 тасида маҳаллий бюджет харажатлари субвенция, яъни, берилаётган молиявий ёрдам ҳисобидан қопланаётганига эътибор қаратилди. Бекобод туманида маҳаллий бюджет умумий харажатларининг 44,1 фоизи, Қуйичирчиқ туманида 43,2 фоизи, Оққўрғон туманида 42,2 фоизи, Бўка туманида 42,1 фоизи дотация ҳисобидан қопланмоқда.

Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Қуйичирчиқ, Паркент, Юқоричирчиқ, Чиноз туманларида саноат ривожига, янги иш ўринларини яратиш масаласига бепарволик билан қаралаётгани ва бу туманларнинг вилоят саноатидаги улуши 1 фоиздан ҳам паст бўлиб қолаётганини изоҳлашнинг ўзи қийин. Шунингдек, вилоят ҳудудидаги 20 та йирик саноат корхонасида ўтган йили ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетган, 2 та корхонада эса маҳсулот ишлаб чиқарилмаган.

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этишда жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда, улар кўпинча белгиланган муддатда ўз эгаларига топширилмаяпти. Умуман айтганда, бу уйларни қураётган пудратчи ташкилотларнинг моддий-техник базаси, уларни техника ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш талабга мутлақо жавоб бермаслиги бундай нохуш ҳолатга сабаб бўлмоқда ва топширилаётган уйларнинг сифатига, одамларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тошкент вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши асосан савдо-сотиқ ва қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори бўлиб қолмоқда. Саноат соҳасини олинадиган бўлса, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг бу тармоқдаги улуши 28,8 фоизни ташкил этмоқда. Ваҳоланки, бу рақам мамлакат миқёсида 38,9 фоизни ташкил этади.

Сессияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслиги танқид қилинди. Бунинг тасдиғини вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг фақатгина 24 фоизи, гўштнинг 27 фоизи, сутнинг эса 20 фоизи қайта ишланаётгани мисолида кўриш мумкин.

Вилоятда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш режалари қўпол равишда бузилиб, 2 минг 500 гектар суғориладиган майдонларга бошқа экинлар экилган. Бундай ҳолатлар Бекобод, Янгийўл, Қибрай, Бўстонлиқ ва Чиноз туманларида мунтазам равишда такрорланиб келган.

Яратиб берилаётган имконият ва шароитларга қарамасдан, ўтган йили Тошкент вилоятида пахтачилик бўйича 97 та, ғаллачилик бўйича эса 149 та фермер хўжалиги шартнома мажбуриятини бажармаган. Ишга ана шундай масъулиятсиз ёндашув туфайли Бўка ва Бекобод туманларининг ҳар бирида 1 миллиард 200 миллион сўм, Оққўрғон ва Ўртачирчиқ туманларида эса 500 миллион сўмдан зарар кўрилган.

Мен бир фикрни кўп марта айтганман ва уни бугун ҳам такрорлашга мажбурман: қаердаки раҳбарлар ўз зиммасидаги масъулиятни унутса, қаердаки ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ўша ерда иш орқага кетади, бундан қанча-қанча одамлар зарар кўради, энг ёмони, аҳолининг жойлардаги ҳокимият идораларига ишончи йўқолади, деди Ислом Каримов.

Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги сессия кун тартибига қўйилган ташкилий масаланинг асосий мақсад-мазмуни ҳам айни шу муаммога қаратилганини тушуниш қийин эмас, деб фикрини давом эттирди давлат раҳбари. Яъни, сўз Тошкент вилоятининг ҳокими бўлиб ишлаб келаётган А.Усмоновнинг фаолияти ва масъулияти ҳақида бормоқда.

Тошкент вилоятида иш бошлагач, дастлабки пайтда А.Усмоновнинг фаолиятида вилоят олдида турган вазифаларни амалга ошириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун бирмунча ҳаракатлар кўзга ташланди. Вақт ўтиши билан бу инсоннинг ишга қараши ва одамларга муносабатида манманлик, ўзига бино қўйиш, ён-атрофдагилардан ўзини юқори тутиш, қўполлик, қўл остида ишлаётганларни менсимаслик, уларнинг фикри билан ҳисоблашмаслик каби ҳолатлар «иш услуби»га айланиб қолди. Энг ёмони, бундай муносабатлар биринчи раҳбар билан вилоят фаоллари ўртасида катта жардек тушунмовчилик пайдо бўлишига олиб келди.

А.Усмоновнинг иш фаолиятидаги номақбул хусусиятлар ҳақида, ўз масъулиятини ошириши зарурлиги ҳақида унга кўп бор айтилиб, суҳбатлар ўтказилган бўлса-да, лекин оёғи ердан узилиб қолгани учун бу гаплардан у тегишли хулоса чиқариб олмади ва бу ўз навбатида унинг вилоят фаоллари ва жамоатчилиги ўртасида обрў-эътиборини йўқотишига олиб келди.

Сессияда А.Усмонов кадрларни танлаш ва лавозимга қўйишда ғаразли мақсад билан иш кўриб, асосан ўзига шахсий садоқатда бўлган, лекин зарур билим ва тажрибага, маънавий фазилатларга эга бўлмаган шахсларни турли раҳбарлик вазифаларига тайинлагани, Тошкент вилоятининг ўзида юқори малакали кадрлар етарли бўлишига қарамасдан, баъзи бир лавозимларга ўзининг таниш-билишларини олиб келиш унинг одатига айланиб қолгани қайд этиб ўтилди.

Масалан, Тошкент вилояти ҳокимлигининг ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи лавозимига А.Ҳамдамов, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи вазифасига Б.Қораев тайинланган. Шунингдек, у вилоят ҳокимлигининг ишлар бошқарувчиси вазифасига, капитал қурилиш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибият мудири лавозимига, ҳуқуқ-тартибот, сафарбарлик ва фавқулодда ҳолатлар бўйича тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи гуруҳ бошлиғи вазифасига, «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг бош муҳандиси лавозимига ўзига яқин одамларни ишга қўйган.

Ўз шахсий манфаатини кўзлайдиган бу шахслар амалдаги қонунчиликни бузиб, мансабни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ турли жиноятларни содир этишган. Ўз вақтида кўрилган чоралар туфайли уларнинг айримлари (А.Темиров, А.Сатторов, О.Маҳмудов) жиноий жавобгарликка тортилган, айримлари (А.Эржигитов, А.Ҳамдамов, Б.Қораев, С.Самадов) ишдан бўшатилган.

А.Усмоновнинг яқин ҳамтовоқлари бўлган бир гуруҳ шахслар, жумладан, вилоят ҳокимининг ёрдамчиси А.Умаров, вилоят ҳокимлигининг собиқ ишлар бошқарувчиси М.Икромов, вилоят «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси бош муҳандиси Ш.Хўжамқулов, Rubber trast shoss масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Исмоилов порахўрликда айбланиб, уларга нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Мажлисда А.Усмоновнинг бундай раҳбарлик «услуби» вилоятни бошқаришда кўпгина янги-янги муаммоларни туғдириб, вилоят олдида турган муҳим вазифаларнинг бажарилмай қолишига, энг ёмони, вилоят фаоллари ўртасида қарама-қаршилик, низо ва зиддиятлар пайдо бўлишига, муҳитнинг бузилишига олиб келгани таъкидланди.