Ўзбекистон | 16:08 / 11.02.2016
12209
2 дақиқада ўқилади

Бельгиялик олимлар Ўзбекистонни энг тез ривожланаётган бешта мамлакатдан бири сифатида эътироф этишди

Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонасида мамлакатни 2015 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси билан яқиндан танишдилар. Бу ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар берди.

Хусусан, Европарламент маслаҳатчиси Франк Швальба-Хот Ўзбекистонга бир неча маротаба ташриф буюргани ва ҳар сафар ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлганини таъкидлаб, “Ўзбек модели” иқтисодиётни модернизациялаш, саноатни диверсификациялаш, юқори технологияларга асосланган тармоқларни ривожлантириш йўлини тутиш нуқтаи назаридан кўпгина давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ишонч билан айтишим жоизки, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баравар оширишга эришилади. Мазкур жараёнда ўзбекистонликларнинг миллий ўзига хослиги, яъни ўз Ватанига бўлган чексиз муҳаббати ва садоқати катта ўрин тутади”, дея фикр билдирган.

Осиё тадқиқотлари Европа институтининг илмий ходими Себастьяно Мори эса ўз нутқида “Ўзбекистондаги 10 фоиз таъминланган ва 10 фоиз етарлича таъминланмаган аҳоли даромадлари ўртасидаги фарқ, яъни “децил коэффициенти” деб ном олган кўрсаткич барқарор пасайиш тенденциясига эгадир. Шу маънода, Жаҳон иқтисодий форуми рейтингида Ўзбекистон дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани таҳсинга лойиқ”, дея алоҳида эътироф этган.