Спорт | 16:20 / 20.02.2016
5438
2 дақиқада ўқилади

Англиялик футболчи бошига тўп тегишидан орттирган жароҳати туфайли 31 ёшида фаолиятини якунлади

Англия премьер-лигаси вакили «Сток Сити» жамоаси ҳимоячиси Энди Уилкинсон бошидан олган жароҳати туфайли 31 ёшида футболдан кетиши ҳақида маълум қилди. У ўз твиттерига хайрлашув мактубини қолдирган.

Бу футболчининг охирги ўйини 2015 йилнинг 14 февраль кунида Англия Кубоги доирасида «Блэкпул»га қарши ўтказилган учрашув (1:4) бўлиб қолди. Унинг 1 йил олдинги ўйин вақтида бошидан олган жароҳати мия фаолиятига жиддий таъсир кўрсатгани маълум бўлди.

«Тўп рўпарамдан келганди. Мен ўша вазиятда ҳужумга қўшилгандим. Ортга қайтаётганимда англадимки, кўзларим яхши кўрмаётганди. Ўйинни шу ҳолатда ўтказдим», дейди футболчи.

Ўтган йилнинг ёзида «Сток Сити» бу футболчиси билан у жароҳатидан тузалмаган бўлсада, уни қўллаб-қувватлаш учун янги шартнома тузганди.

Уилкинсон фаолиятининг асосий қисмини «Сток Сити»га бағишлади. У жамоа сафида 160та ўйинда майдонга тушган. У шунингдек, турли йилларда «Телфорд Юнайтед», «Партик Тисл», «Шрюсбери Таун», «Блэкпул» ва «Миллуолл» каби жамоаларда ижара асосида ўйнаган, унинг жами ўйинлари сони 205та бўлганди.