Жаҳон | 08:21 / 18.03.2016
2027
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Саудия Арабистони нефтдан воз кечмоқда

Саудия Арабистони ҳукумати нефтдан мамлакатнинг асосий даромад манбаи ва энергияни таъминлашнинг ресурси сифатида воз кечмоқда. Қироллик ўз эътиборини қайта тикланувчи энергия манбаларига қаратмоқчи. Бу ҳақда Саудия Арабистони нефть вазири Али ал-Наимий маълум қилди, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.

“Қайта тикланувчи энергия учун Саудия Арабистонидан янада мукаммалроқ бошқа давлат бўлмаса керак, деб ўйлайман”, деб айтди вазир. Ал-Наимий буни қиролликда қуёш нурининг мўллиги, ишлатилмайдиган катта ҳудудларнинг мавжудлиги ҳамда қумнинг сероблиги билан тушунтирмоқда. Буларнинг барчаси қуёш электр станцияларини қуриш учун энг асосий омиллар ҳисобланади.

Бироқ ал-Наимий давлатлар яқин 50 йил ичида нефтдан буткул воз кеча олишларига ишонмаслигини айтди.

“Яқин 50 йиллик ичида инсоният ёнилғидан воз кечмайди, дарвоқе бу унча ҳам ёмон эмас”, деб айтди ал-Наимий.

Саудия Арабистони бир неча бор ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш ва нефть экспортидан боғлиқликни камайтириш бўйича катта кўламли режаларини эълон қилган.