Спорт | 19:43 / 18.03.2016
3442
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек футболига асос солинганининг 104 йиллиги нишонланмоқда

Бугун мустақил Ўзбекистонда футболнинг ривожига асос солган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.1993 йилдаги 144-сон-сонли “Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинган кун.

Қайд этиш керакки, ушбу қарор қабул қилингач, Ўзбекистонда футбол тез суратларда ривожланишга юз тутди. Бугун эса Ўзбекистонда барпо этилган футбол иншоотлари ва инфратузилмаси ҳамда яратилган шароитлар ривожланган давлатлардаги шароитлар билан рақобатлаша олади. Ҳозирги кунда республикада болалар ва ўсмирлар футболи, профессионал футбол, футзал, аёллар футболи ва оммавий футболни ривожлантириш учун барча ҳуқуқий ва норматив асос яратилган.

Ўзбекистонда футбол дастлаб Фарғона водийсида пайдо бўлган. 1912 йил Фарғона ва Қўқонда энг биринчи футбол жамоалари пайдо бўлган. Дастлабки жамоалар турли корхоналарда ишлаётган ишчилардан ташкил тузилган. Фарғона вилояти биринчи чемпионати 1914 йилда бўлиб ўтган. Собиқ Иттифоқ таркибида Ўзбекистон вакиллари 1920 йиллардан бошлаб турли мусобақаларда қатнаша бошлаган.

1928 йил Ўзбекистон Миллий Терма Жамоаси тузилган. Бу терма ўша йили Москвада бўлиб ўтган Бутуниттифоқ спартакиадасида қатнашиб келган. Ўтган асрнинг 30-йилларида ўзбекистонлик футболчилар Норвегия ва Германия ҳаваскор терма жамоалари устидан ғалаба қозонишган.

1939 йилдан бошлаб Ўзбекисоннинг етакчи жамоалари, "Динамо", "ТОДО", "Спартак" (Тошкент), Собиқ Иттифоқ Кубоги ва "Б" тоифали жамоалар биринчилигида қатнаша бошлашади.

1956 йилда Тошкентда ҳозирги кунга қадар ўзбек футболининг энг муваффақиятли ва машҳур жамоаси ҳисобланадиган "Пахтакор" жамоаси тузилди.

1991 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришди. Уч йил ўтар-ўтмас, 1994 йилда Ўзбекистон ОФК ва ФИФАнинг тўлақонли аъзосига айланди ва жаҳонда бўладиган барча нуфузли мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиби саналади. Ўшанда Рустам Акромов бошчилигидаги терма жамоа финал учрашувида Хитой терма жамоасини 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратган.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси мусобақалар ўтказиш фаолиятини профессионаллаштириш йўлида 2009 йил Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси тузилди. Ушбу лига мамлакатда ўтадиган футбол бўйича Олий ва Биринчи лига мусобақаларини ўтказишни ўз зиммасига олади.