Ўзбекистондаги масжидларда хатми Қуръон бошланди
Рамазоннинг биринчи туни яъни 5 июнь оқшомида Ўзбекистондаги мингга яқин жоме масжидларида хатми Қуръон бошланди.
Жумладан, бу кеча “Ҳазрати Имом” мажмуасининг ёзги намозгоҳида ҳам таровеҳ намози ўқилди. Масжид ҳовлисига аста-секин қўллари меҳнатда қаварган, кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда таровеҳ намозида Аллоҳнинг муборак каломига соме бўлишни интиқлик билан кутган намозхонлар кириб кела бошлади. Бир зумда намозгоҳ Қуръон мухлислари билан тўлиб тошди.
Дастлаб, муфтий ҳазратлари муборак Рамазон ойи билан барчани табриклаб, дуолар ижобат бўладиган дамларни ғанимат билиш, юртнинг тинч-осойишталиги хотиржам ибодат қилиш гарови эканини таъкидлаб, яратгандан бу неъматларни янада зиёда қилишини сўраб, дуо қилди. Сўнгра таровеҳ намози бошланиб, Каломуллоҳнинг тиловати қалбларга сурур ва фараҳ бахш этди.
Таровеҳ намози ўқиб бўлингач, намозхонлар муфтий ҳазрат билан баралла дуога қўл очиб, Рамазони шарифга етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишди. Ҳамда яратгандан юрт тинчлигини, осмон мусаффолигини, халқнинг бунданда фаровон бўлишини сўрашди.
Суратлар муаллифи Шаҳзод Шомансуров