Ўзбекистон | 12:02 / 05.08.2016
9761
2 дақиқада ўқилади

Япония бош вазири рафиқасининг Ўзбекистонга ташрифи якунланди

3 август куни Ўзбекистонга ташриф буюрган Япония бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ 4 август куни Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамроҳлигида Ўзбекистон Амалий санъат музейига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Акиэ Абэнинг ушбу ташрифи Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг мамлакатимизга расмий ташрифининг мантиқий давоми бўлди. Ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Акиэ Абэга миллий либослар ва чолғу асбоблари, каштачилик, зардўзлик, заргарлик, ўймакорлик, кандакорлик ва кулолчилик асарлари, улардаги безак ва нақшларнинг маънолари ҳақида маълумот берилди. Кашта ва гилам тўқиш, металлга нақш солиш жараёни жонли тарзда кўрсатилиб, мумтоз куйларимиздан намуналар ижро этилди.

Акиэ Абэ япон ҳарбийлари мангу қўним топган масканни зиёрат қилди. Меҳмон ватандошлари хотирасига бунёд этилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди.

Куннинг иккинчи ярмида Татьяна Каримова ва Акиэ Абэ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрига ташриф буюрдилар.

Концерт дастуридан ўрин олган «Ниндзя аёл», «Хаёл куйи», «Сакуранинг минг дарахти», «Кузги ой», «Қақнус», «Мовий осмон» каби куй-қўшиқ ва рақслар томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Шу билан Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэнинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.

Тошкент халқаро аэропортида Акиэ Абэни Ўзбекистон Республикаси президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кузатиб қўйди.