Ўзбекистон | 14:29 / 07.09.2016
35072
10 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов жуда очиқ, соф кўнгил ва доно одам эди. Ўзбекистон буюк одамини йўқотди

28 август якшанба ишда эдим. Тахминан 16.00 ларда интернетга кирдим. ЎзАда Республика Вазирлар Маҳкамасининг ахборотини ўқиб, ғалати бўлиб кетдим. Ўзимни босиб олишга, бу ахборотни одатий бир хабар сифатида қабул қилишга ҳаракат қилдим. Аммо бўлмади. Кечга томон уйга қайтдим. Қўни-қўшнилар ҳам, уйдагилар ҳам ахборотдан бехабар экан, уларга индамадим.

Ҳаммаси душанбадан бошланди. Ишда ҳамкасбларимиз бу ахборотга ишонишни ҳам ишонмасликни ҳам билишмасди. Президентимизга соғлиқ-саломатлик тилай бошладик. Кечқурун уйда ҳам шу кайфият. Давлатимиз раҳбарининг шифохонага ётқизилганига ишонгимиз келмасди. Намоз ўқимайдиган турмуш ўртоғим ҳам жойнамозни олиб намоз ўқишга тушди. Оиламиздагиларнинг ҳаммаси Президентимизнинг тезроқ тузалиб кетишини тилаб, дуо қила бошлади. Очиғини айтиш керак, Ислом Каримов оиламизнинг том маънодаги аъзоси эди. Журналист бўлганим учун 19.30 ва 21.00даги “Ахборот”ни кўришни бурчим деб биламан. Оиламиз аъзолари Ислом Каримов билан боғлиқ расмий ахборотга бефарқ эмасди. Яна шуни айтишим керакки, 1994 йил май ойи бўлса керак, Корея Республикаси президенти Ким Ён Сам рафиқаси билан Тошкентга келган эди. Уларни кутиб олиш учун 4 ёшли қизим Нодирахонни олиб аэропортга чиққан эдим. Ўшанда президент Ислом Каримов қизимни кўтарган ва бу кадр “Ахборот” орқали намойиш этилган эди. Эртаси куни ишхонада (2-ТошМида Ёшлар Иттифоқида ишлардим ва тарихдан дарс берардим) анча шов-шув бўлган ва менга кўпчилик ҳавас билан қараган эди. Шу-шу оиламизда Ислом Каримовга нисбатан меҳр уйғонган бўлиб оиламизнинг аъзоси сифатида кўриб келамиз. Республикамизда биз каби оилалар кўп деб ўйлайман. Уйимиз ҳувиллаб қолгандек бўлди.

Ислом Каримовни илк бор яқиндан кўриш 1989 йилда “Халқлар дўстлиги”(ҳозирги “Истиқлол”) саройида Тошкент шаҳри жамоатчилиги билан бўлиб ўтган учрашувда насиб этган эди. Ўшанда Ислом Каримов “биз бир мушт бўлиб бирлашсак, бизни ҳеч ким енга олмайди” дегани ҳамон ёдимда. Кейинчалик парламент сессияларида кўриш шарафига муяссар бўлдим. Бундан мен фахрланаман. Умуман олганда Ислом Каримов билан замондош бўлишнинг ўзи бир бахт деган бўлардим.

2 сентябрь куни “Ахборот”нинг махсус сонида Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамасининг ахборотини эшитиб, туни билан ухламадим. Кўнглим кемтик бўлиб қолгандек бўлди. Америкадан Фурқатбек исмли қадрдоним қўнғироқ қилиб қолди. Салкам ярим соат суҳбатлашдик. Ислом Каримов ва унинг Ўзбекистон тарихида қолдирган бой мероси ҳақида фикр алмашдик. Дунёнинг нариги бурчагида бўлса ҳам Фурқат аканинг овозида мунг бор эди.

Бир неча бор Ислом Каримов билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлгани боис ҳам Фурқат ака президентимиз ҳақида илиқ фикрларни билдирар экан, “раҳматли журналистларни яхши кўрарди”, деди. Ўзаро суҳбатда яна бир гап айтилди. Энди Ислом Каримов томонидан айтилган гаплар қулоқларимиз остида бошқача жаранглайди. Тўғрироғи ҳикматларга айланади. Фурқат аканинг ўзбеклар маънавиятли ва маданиятли халқ экани борасидаги фикрларига тўла қўшилдим. Буни 3 сентябрь воқеалари тўла исботлади. Мамлакатимизнинг биринчи президентини сўнгги йўлга кузатиш учун ижтимоий тармоқлар орқали хабар топган тошкентликлар эрта тонгдаёқ кўчаларга чиқди. Уларнинг ҳаммасининг кўзида ёш бор эди. Уларни ҳеч ким кўчага чиқишга мажбурлагани йўқ. (Айрим хорижий радиоларда бундан ҳам кир қидиришди). Шанба куни мамлакатимизнинг барча масжидларида жаноза намозлари ўқилди. Бу ҳақида бир-бирларидан хабар топган намозхонлар ўз хоҳишлари билан масжидларга келишди. Шанба куни пешиндаги намозда жума намозидаги, ҳатто ундан кўп намозхон иштирок этди. Мана шуларнинг ўзиёқ халқимизнинг Ислом Каримовга бўлган ҳурмат-эҳтироми ифодасидир.

Телевидение орқали видолашув жараёнлари намойиш этилди. Хорижий делегациялар раҳбарларининг гаплари кўнглимизга таскин берди. Қирғизистонга амалга ошириши керак бўлган сафарини кейинга қолдириб, Самарқандга келган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўз мамлакатининг кўча ва хиёбонларига Ислом Каримов номи берилишини айтди. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон эса Ислом Каримовнинг оқилона сиёсати ҳақида гапирди. «Тожикистонда қардош ўзбек халқининг улкан йўқотиши - ҳурматли Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти ҳақидаги хабар чуқур қайғу билан кутиб олинди», — дея қайд этди. «Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон тарихига етакчи давлат арбоби сифатида кирди, у мустақилликка эришган мамлакатнинг тараққиёти даври мазмун-моҳиятини белгилаб берди. Донишмандлиги ва узоқни кўра билиши билан у мамлакат ташқарисида ҳам кенг миқёсли сиёсатчи сифатида обрў-эътиборга эга бўлганди. Унинг ёрқин хотираси ҳамиша қалбимизда бўлади», деди Эмомали Раҳмон.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўз сўзида Ислом Каримов жаҳон миқёсидаги етук арбоб эканлигини таъкидлади. У Ислом Каримов оғир шароитда халқининг хизматида бўлгани, мамлакат ривожи учун тинмай ишлаганини таъкидлади.

Дунё матбуоти, Россия телеканаллари, ҳатто Еuronews телеканали Ислом Каримов вафоти ва дафн маросимларини биринчи хабар сифатида эълон қила бошлади.

Қирғизистон собиқ президенти Роза Отунбаева мамлакатимизнинг биринчи президенти ҳақида фикр билдирар экан, “Ислом Каримов бугунги кунда минтақамиздаги энг етакчи лидерлардан бири десак янглишмаган бўламиз. У ишончли ҳамкор эди. Ўйламасдан қадам босмасди. У билан келишиш қийин эди. Битимга эришилдими, бу битим, албатта, бажариларди”, деди у. “Ўз давлати мустақиллигининг мустаҳкамланиши йўлида, ўз халқи манфаатлари йўлида борини берди”, деяр экан Роза Отунбоева Ислом Каримов билан кўп бор учрашганини таъкидлайди. “2005 ва 2010 йилларда Қирғизистон учун мураккаб бўлган даврларда президент Каримовнинг қарори биз учун жуда муҳим эди”, дея эслайди ва Ислом Каримов тўғри қарор қабул қилганини тан олади: “У Қирғизистон вазиятдан чиқиб кетиши учун шароит яратиб берди, десам асло янглишмаган бўламан”.

“Мен исломлаштириш йўлидан бормаган сиёсатчи бўлгани учун ҳам Каримовдан миннатдорман. У ҳамиша олға интиларди. У жаҳон кезди. Кўп нарса кўрди, аммо муҳим тажрибани қабул қилди. У мамлакат учун ўзбек йўли бўлмиш махсус моделни танлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳеч кимга бўйсунмайдиган мустақил бўлиши керак эди”. Отунбоеванинг фикрича, Ўзбекистоннинг ўз йўли бор. “Каримов ўз атрофидагиларга бошқа сиёсатчилар билан қандай гаплашиш кераклигидан сабоқ берган. Биз қўл қовуштириб ўтирмай фаол ишлаган Ислом Абдуғаниевичдан мағрурланамиз. Биз минтақамизда шундай лидер бўлганидан фахрланишимиз керак”, дейди Роза Отунбаева.

1991-1994 йилларда Беларусь Олий кенгашининг раиси бўлган Станислав Шушкевич “Каримов ўта билимдон ва Ўзбекистонга ислоҳотлар ва эзгулик тилаган одам бўлган. Каримовнинг донолиги Ўзбекистонни сақлаб қолди ва унга барқарор бўлишга имкон берди”, деб айтди. У Ислом Каримовнинг шахсий сифатларини эслаб ўтди. “У билан шахсан менга суҳбат қилиш жуда осон эди. Барча учрашувларимиз унинг инсонийлигини кўрсатган. Мисол учун, мен эртага Тошкентга учишим керак, мен унга қўнғироқ қилиб, у билан учрашишим мумкинлигини сўрардим. У менга: “Албатта, ўзингиз билан бирга рафиқангизни олиб келинг. У Тошкентнинг қандайлигини бир кўрсин”, деб жавоб берарди. “МДҲ давлатининг бирор бошқа раҳбари ҳеч қачон бундай самимий таклиф билдиролмасди”, деб таъкидлаб ўтди Шушкевич. “Каримов жуда очиқ, соф кўнгил ва доно одам эди. Кўп шиорлар айтиш, лекин жуда кам иш қилиш мумкин. У шиорлар борасида босиқ эди. Ўзбекистон буюк одамини йўқотди. Мен унинг яқинларига ҳамдардлик билдириб қоламан”, деди сиёсатчи.

Ўзбекистон дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бирига айланишида, жаҳон майдонида Тошкентнинг ўз айтар сўзи бўлишида Ислом Каримовнинг меҳнатлари турганига асло шубҳа йўқ. 1993 йилда собиқ совет республикалари Иттифоқдан қолган меросини бўлишиб олаётган бир вақтда Ўзбекистон Жанубий Корея автомобилсозлари билан завод қуриш ҳақида битимга эришди. 1996 йилда Асакадаги заводдан биринчи ўзбек автомобили чиқди. Натижада, бошқа республикаларга қараганда Ўзбекистон иқтисоди пасайиш ўрнига кўтарилди. Хорижий инвестициялар асосан саноатга йўналтирилди. Республикада жаҳон саноатининг байроқдорлари бўлмиш GM, Texaco, MAN, Isuzu, Mitsubishi, LG, Samsung, CNJPC фаолият юрита бошлади. 2007 йилда Испания компанияси Чирчиқдаги химия заводини ишга туширди. Японлар эса Самарқандда автомобиль заводини қурди. 2011 йилда Корея концернлари Устюртда йирик газ-химия мажмуасини қура бошлади. Бу мажмуа 2016 йилда ишга тушди. Айниқса, электрлаштирилган Ангрен—Поп темир йўлининг ишга туширилиши Ўзбекистон учун катта аҳамият касб этади. Ўзбекистонда иқтисодий мустақил бўлиш учун кўп ишлар қилинди.

Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан хорижлик сиёсатчиларнинг фикрларини ўрганишга тўғри келди. Уларнинг ҳаммаси бир овоздан Ислом Каримов давримизнинг йирик сиёсатчиси эканлигини тан олишган. Уларнинг фикрларига изоҳнинг ҳожати йўқ, деб ўйлаймиз. Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ислом Каримов сиймосида нафақат ўзбек халқи, балки халқаро ҳамжамият Шарль де Голл, Нельсон Мандела, Маҳатма Ганди, Ф.Рузвельтнинг сафларига қўшиш мумкин бўлган буюк сиёсатчидан айрилди.

Шарофиддин Тўлаганов

Мавзуга оид