Жамият | 23:35 / 16.09.2016
17123
3 дақиқада ўқилади

Актёр Пол Уокер тириклик чоғида номаълум жуфтлик учун 9000 доллар қийматидаги узук совға қилгани маълум бўлди

2004 йилда Кайл Апхем (Kyle Upham) ва унинг қайлиғи, ҳозир эса рафиқаси Кристен Санта-Барбарадаги заргарлик дўконларининг бирида узук қидиришди. Улардан ташқари дўконда яна бир харидор бор эди, улар аввалига унга яхши эътибор беришмади.

Номаълум эркак Кайл ва Кристенга қимматроқ тақинчоқларга қарашни таклиф қилди. Бироқ жуфтлик бундай узукни сотиб олишга қурби етмаслигини айтади. Дўконда улар узоқ вақт суҳбатлашиб туришади ва ниҳоят улар дўстона харидор актёр Пол Уокер эканлигини билиб қолишади. Кайл актёрга армияда хизмат қилиши, яқинда Ироқга иккинчи марта жўнаб кетиши кераклигини ва сафар олдидан бўлажак рафиқасига унаштирув муносабати билан узук совға қилиш истагидалигини айтади. 

Кристен Кайлнинг аскар эканлигини билгач, Полнинг юзи буткул ўзгариб кетганини ёдга олади. Бироқ улар ўша куни бунга эътибор қилишмади ва дўконни ҳеч нима сотиб олмай тарк этишди — сабаби бриллиантлар жуда ҳам қиммат эди.

Бироқ уларни олдинда катта совға кутарди: уларга дўкондан қўнғироқ қилиб, 9000 доллар қийматидаги узукни олиб кетишларини сўрашади. Узук ҳақини номаълумлигича қолишни истаган инсон тўлаганини айтишади. Ёшлар бундай қимматбаҳо узукни ким совға қилганини билишга жуда уринишди, бироқ дўкон ходимлари фақат жилмайиб, унинг исмини айтишдан бош тортишди. 

Ҳақиқат эса 2013 йилда, актёрнинг ўлимидан сўнггина маълум бўлди. Заргарлик дўконининг собиқ ходими Айрин Кинг (Irene King) бу ҳодисани бошқа беркитмасликка қарор қилди.

Айрин сўзларига кўра, актёр Кристенга узуклардан бири жуда ёқиб қолганини пайқайди, бироқ унинг севгилиси бундай қиммат узукни олишга маблағи етмаслигини айтади. Шунда Пол узукни ўз ҳисобига ёзиб қўйишни ва совға сирли бўлишини тайинлайди. Уни ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳарбий хизматчи бўлажак рафиқасига узук совға қила олмаслиги қаттиқ ранжитади. Актёр бу ноҳақликни тўғирлашга шошилади. 

Мана шундай қилиб, Кайл ва Кристен ниҳоят сирли валинеъмат инсон ким эканлигини билиб олишди. «Бу ҳаётимда олган энг саҳий туҳфадир, — деди Кристен. — Биз бу узук ва унинг ҳикоясини авлоддан авлодга етказишга ваъда берамиз».

Мавзуга оид