Ўзбекистон | 17:43 / 25.10.2016
27889
5 дақиқада ўқилади

Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси: Мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бош қомусимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз эканлиги кафолатланган.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Олтинтепа 2-тор кўчасида – Нигора Мирзамуҳамедова яшайдиган маҳаллада уйлар бузилиб, кўп қаватли турар жойлар қурилиши бошланган. Лекин бу аёл ва айрим қўшниларининг уй-жойи бузилмай қолган. Бу улар яшайдиган уйларда чанг-тўзон кўтарилиб, турли ҳашаротлар кўпайишига олиб келган.

– Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига юборган мурожаатимда кўтарилган масалалар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2-3 кун ичида чора кўрилди, – дейди Н.Мирзамуҳамедова. – Мирзо Улуғбек тумани давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, туман ҳокимлиги вакиллари биз яшаётган ҳудудга келди. Бу ердаги ноқулай шарт-шароитлар ўрганилиб, уларга ечим топилди, кемирувчи жонзотлар, ҳашаротларга қарши дезинфекция қилинди. Кўча ва хонадонларга кириш йўлакларига асфальт ётқизилмоқда.

Давлат идораларида мансабдор шахслар томонидан «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижросининг таъминланиши фуқаролик жамиятини ривожлантиришда, аҳолининг мурожаатларини тез ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур қонунда соҳадаги қонунбузилиш ҳолатлари учун қатъий жавобгарлик белгиланиб, давлат органлари ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш тартиби такомиллаштирилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли мурожаатлари ва шикоятларини кўриб чиқиб, тезроқ ҳал қилиниши борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолига уй-жой ва ер ажратиш, коммунал хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйиш, қурилиш, ободонлаштириш, ички ишлар ва суд масалалари, моддий ёрдам ва ижтимоий ҳимоя, электр ва газ таъминоти, иш ҳақи ва пенсия тўлови, доимий прописка ва имтиёзли уйлар ажратиш масалалари бўйича келиб тушаётган мурожаатлар тегишли мутасадди ташкилотлар ёрдамида қонун доирасида ижобий ҳал этилмоқда.

– Жорий йилнинг 9 ойида Тошкент шаҳар ҳокимлигига 14 минг 890 ёзма ва оғзаки мурожаат келиб тушган, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ишлар бошқармаси бошлиғи Баҳодир Боймоқов. – Уларнинг 5 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган бўлса, 9 мингтасига тушунтиришлар берилди. Ўзбекистон ҳукумати порталида очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) орқали минглаб юртдошларимиз ҳудудларда учраётган турли муаммо ва шикоят, таклиф ва аризалар билан тўғридан-тўғри Бош вазирга мурожаат қилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлигида Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар билан ишловчи махсус ишчи гуруҳи тузилган. Штаб зарур техника воситалари билан таъминланиб, фаолияти алоҳида назоратга олинди. Мурожаатларнинг тез ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида масъул шахслар бириктирилди. Шу кунгача виртуал қабулхона орқали Тошкент шаҳар, туман ҳокимликлари ва тизимдаги бошқармаларга оид 6 мингдан зиёд мурожаат рўйхатдан ўтказилиб, ижроси таъминланмоқда.

Бош вазирнинг виртуал қабулхонасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига келиб тушаётган муаммо ва шикоятларнинг аксарияти кўп қаватли уйлар атрофида болалар майдончаларини қуриш, аҳолига уй ва ер ажратиш, кўчаларни асфальт қилиш, уй-жойларни таъмирлаш, коммунал хизмат, бандлик, маҳаллий ижро ҳокимиятининг масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалалар бўлмоқда.

Яшнобод тумани Тузел-2 мавзесида яшовчи Ж.Муртазоева кўп қаватли уйлардан бирининг 9-қаватида истиқомат қилиши, ҳар йили қишда уйининг томидан сув ўтиши, шахталар сувга тўлиб кетиши, бунга чора кўрилишини илтимос қилган. Мурожаат ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам уйнинг томи яхши таъмирланмагани, ёмғир ва қор ёққанда, уйнинг йўлакларигача сув тўлиб кетиши аниқланган. Бу масала мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилиб, ўз ечимини топган.

Миробод туманидаги Қўйлиқ массиви 44-уйда яшовчи Азиз Охунов ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг лифти эскириб қолганлиги сабабли тез-тез бузилиб қолиши, кексаларнинг кўчага чиқолмай, ёш болали оналарнинг қийналиб қолганлигидан шикоят қилган. Мутасаддилар томонидан бу мурожаат ҳам ўрганилиб, эски лифт замонавийсига алмаштирилган.

Аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, газ тақсимлаш ускуналарининг умумий аҳволи, кўп қаватли уйларнинг қувурларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун кўрикдан ўтказиш борасидаги таклиф ва шикоятлар ҳам Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларида  ҳал этилмоқда.

Ҳар бир мурожаат ортида инсон, эл-юртимиз ҳаётига оид бирон бир муаммо-масала мужассам. Буларнинг ҳал этилиши мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнини тезлаштиради, халқ фаровонлигини ошириб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги ва ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Мавзуга оид