Иқтисодиёт | 18:02 / 26.10.2016
6307
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бўлиб ўтмоқда 

Фото: Kun.uz

Саноат ярмаркасида “Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар ҳам фаол иштирок этмоқда. Жамиятда 2020 йилгача 40 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш орқали мамлакатимизда энергетика салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, тармоқ корхоналарини модернизациялаш, энергия ресурсларини тежаш чоралари кўрилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Амалга ошириладиган бундай янгиланишлар жамият таркибидаги ўнлаб корхоналарнинг стендларида ҳам ўз аксини топган. Мисол учун, “Қуёш иссиқлик энергияси” қўшма корхонаси қуёш энергиясида ишлайдиган сув иситиш тизимларини, “Электр қувват қурилмалари” қўшма корхонаси паст қувватда ишловчи ўчиргичлар, “Электртармоққурилиш” корхонаси юқори кучланишли электр узатиш линиялари, металл конструкциялар, “Савдоэнерго” корхонаси электр энергетикаси тизими ходимлари учун махсус кийимлар таклиф қилаётир.

Фото: УзА

– Ярмаркада тармоқ ва тармоқлараро ҳамкорлик бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш имконига эга бўлмоқдамиз, – дейди “Ёрқин чироқлар” қўшма корхонаси бош директори  Хайрулло Атамбоев. – Жанубий кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган корхонамизда йилига 2,5 миллион дона тежамкор электр лампа ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. 2015 йилда икки хил ёритгич чироқлари тайёрлаган бўлсак, жорий йилда етти хил чироқ ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Келгуси йилда ёритгич ва чироқлар турини ўнтага етказишни режалаштирганмиз.

Ярмарканинг учинчи кунида «Ўзбекэнерго», «Ўзбеккўмир», «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятлари, «Ўзагромашсервис» уюшмаси, «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари корхоналарининг тақдимотлари бўлиб ўтди.

Мавзуга оид