Ўзбекистон | 07:08 / 25.11.2016
7532
9 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссиясининг оралиқ хулосалари

Фото - newsby.org

“Ҳокимият ўтказилиши изчиллик ва барқарорлик шароитларида амалга оширилмоқда. Жамиятда бунга ишонч кучлидир”, – ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси кузатувчиларининг хулосаси шундай.

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни ЕХҲТ ДИИҲБнинг расмий веб-сайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг оралиқ хисоботи чоп этилди.

Ҳисобот жорий йилнинг 2 ноябридан 20 ноябригача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш якунлари бўйича тайёрланди.

Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди. Марказий сайлов комиссияси таклифи сайлов кампанияси бошланиши эълон қилиниши билан дарҳол юборилган эди. ЕХҲТ ДИИҲБ билан кузатиш форматидаги ҳамкорлик анъанага айланиб улгурган. Ушбу ташкилот миссиялари 1999 йилдан буён Ўзбекистонда ўтказилган парламент ва президент сайловларини кузатишда иштирок этиб келмоқда. Бу галги сайловда ЕХҲТ ДИИҲБнинг тўлиқ миссияси фаолият юритмоқда. Миссия асосий гуруҳи билан бирга узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчиларидан иборатдир.

Бундай қарор Ўзбекистоннинг сайловни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ очиқ-ошкора ўтказишга тайёрлиги билан изоҳланади. Бу ҳақда Ўзбекистонда 11 октябрдан 14 октябргача бўлган даврдаги сайловолди ҳолатини баҳолаш якунлари бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ ҳисоботида маълум қилинди.

Чоп этилган оралиқ ҳисобот вазминлик руҳида тайёрлаб ёзилган. ЕХҲТ ДИИҲБ экспертларининг Ўзбекистондаги сайлов жараёнига ҳар томонлама ва холис баҳо беришга бўлган интилиши сезилиб турибди.

Бироқ икки ярим ҳафталик бундай қисқа муддатда юзаки хулосанинг олдини олиш ва Ўзбекистонда юз бераётган жараёнларни ҳис этиш мумкинми? Нима бўлганда ҳам экспертлар Ўзбекистон сайлов тизимини, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказиладиган шарт-шароитларни таҳлил қилишга уринганлар.

Улар шундай хулосага келдилар.

Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат шаклланган бўлиб, сайлов мамлакат Конституциясига ва қонунларига қатъий мувофиқ тарзда миллий давлатчилик хусусиятларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда.

ЕХҲТ ДИИҲБ экспертлари Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат эканлигини, мамлакатда барча фуқаролар конституциявий ҳуқуқлардан ва эркинликлардан тенг ҳамда камситишсиз фойдаланаётганини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ равишда сайловолди тадбирларини ўтказиш учун уч ойлик муддат тўғрисидаги талабни ҳисобга олган ҳолда жорий йилнинг 9 сентябрь куни сайлов кампанияси бошланганини эълон қилди ҳамда 2016 йил 4 декабрни сайлов куни деб эълон қилди.

2015 йил мартда ўтказилган президент сайловидан кейин, яъни 2015 йил декабрда “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунларга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси аъзолари ижобий ҳолат сифатида қайд этди. Бунда диққат-эътибор “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонундаги номзодни Президентликка кўрсатиш учун сайловчиларнинг имзолари зарур миқдорини камайтириш, сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари тўғрисидаги нормаларни мустаҳкамлаш, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш, овоз бериш тартиб-таомилини осонлаштириш, вақтинча яшаш жойи бўйича сайловчилар рўйхатига фуқароларни киритиш, муддатидан олдин овоз бериш муддатлари, тартиби ва тартиб-таомилларини белгилаш, Марказай сайлов комиссияси ўзининг расмий веб-сайтида ўз қарорларини албатта эълон қилиши каби тузатишларга қаратилди.

Энг асосийси, экспертлар янги қоидалар ЕХҲТ ДИИҲБнинг аввалги тавсияларини инобатга олган ҳолда киритилганлигини ва умумэътироф этилган стандартларга мувофиқ келишини эътироф этди.

Ҳисоботда сайлов комиссияларини шакллантиришнинг демократик тартиби таърифланмоқда. Сайлов комиссиялари ҳокимиятнинг ижро этувчи тармоғининг иштирокисиз фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таклифлари асосида жойлардаги ҳокимият вакиллик органлари томонидан шакллантирилади. “Сайловчиларни хабардор қилиш бўйича комплекс ва интенсив кампания” ДИИҲБ экспертларининг диққат-эътиборини тортди. Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов амалиётида биринчи марта Сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш дастури қабул қилинганлиги таъкидланди. Ушбу дастурда бировнинг ўрнига ҳам овоз бериш каби ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар алоҳида ўрин эгаллайди. Дастурни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этмоқда. Ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида теледастурлар тайёрлаш ва сурдотаржимаси билан бирга эфирга узатиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан жисмоний имкониятлари чекланган шахсларга уларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда кўмак бериш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳам экспертлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, бюллетенлар илк маротаба Брайл шрифтида ҳам тайёрланади, сайлов учкасткалари овоз бериш учун пандус ва махсус кабиналар билан жиҳозланмоқда.

Шунингдек, ҳисоботда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, сайловчиларнинг сайловга доир шикоятларини доимий режимда қабул қиладиган ва кўриб чиқадиган тўғридан-тўғри “ишонч телефони” рақамларини ишга тушириш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ишлари ҳам яхши баҳоланди.

МСК томонидан барча номзодларга тенг имкониятлар берилиши, шу жумладан оммавий ахборот воситаларининг барча турларида тенг эфир вақти ва эфир майдони тақдим этилиши, шунингдек сайловчилар билаш учрашувлар учун видео-конференц-алоқанинг янги форматидан фойдаланиш кўпроқ сайловчиларни қамраб олиш имконини берди, деб таъкидланади ҳисоботда. Бунда президентликка кўрсатилган барча номзодлар учун тенг имкониятлар кафолатларини таъминлаш мақсадида Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлиги ОАВ томонидан миллий қонун ҳужжатларига риоя этилаётганлиги устидан мониторинг ўтказмоқда ҳамда ушбу ахборотни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмоқда. “Президентликка кўрсатилган барча номзодлар бутун мамлакат бўйлаб сайловчилар билан кўплаб учрашувлар ўтказмоқда”, бунда “ўтиш даврида узлуксизлик ва барқарорликка” содиқлик мазкур учрашувларнинг бош мавзуси бўлмоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, сайлов кампаниясини молиялаштиришнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида МСК томонидан сиёсий партияларга сайлов якунлари бўйича бир ой давомида ўз веб-сайтида ва ўзининг сиёсий газетаси саҳифаларида пул маблағларини сарфлаш тўғрисида ҳисобот чоп этиш талаби қўйилди. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилишига оид шикоятларнинг сайлов комиссиялари томонидан кўриб чиқиш тартибига эътибор қаратилмоқда. Хусусан, шикоят келиб тушгандан кейин уч кун ичида, агар сайловгача олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши керак.

Шунингдек ҳисоботда сиёсий партиялар, чет давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг сайлов жараёни барча босқичларини кузатиш учун ўз навбатчиларини юбориши, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда иштирок этиши мумкинлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилганлиги таъкидланган.

Шу билан бирга ҳисоботда сайлов жараёнидаги айрим камчиликлар ва муаммолар қайд этилмоқда. Таъкидланишича, уларнинг бартараф этилиши сайловни янада юксак ва сифатли ўтказишга кўмаклашади.  

Аввал ҳам таъкидланганидек, мулоқот жараёнида Ўзбекистон миссия хулосаларига, конструктив тадқидга очиқдир, тавсиялар асосли ва ҳар томонлама вазмин бўлса, уларни қабул қилишга ҳамда рўёбга чиқаришга тайёрдир.

Ҳозирги вақтда ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг кузатувчилари ўз ишини давом эттирмоқда. Улар сайлов комиссияларига ташриф буюрмоқда, сиёсий партияларда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, фуқаролик жамияти институтларида учрашувлар ўтказмоқда, оммавий ахборот воситаларининг сайловни ёритиш бўйича фаолияти билан танишмоқда.  

Экспертларда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш амалиётини ривожлантириш, аҳолининг электорал фаоллигини ошириш соҳасида Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан батафсил танишиш имконияти ҳали бўлади. Ўтган йилларда Ўзбекистонда ўтказилган сайловларни кузатишда иштирок этган экспертларнинг кўпчилиги сайлов тизимини такомиллаштириш, жамиятдаги демократик жараёнларни чуқурлаштириш борасидаги изчил босилган қадамларни, уларнинг барқарорликни, тинчлик-тотувликни ва барқарор тараққиётни сақлаш учун аҳамиятини таққослаши ва уларга ҳақиқий баҳо бериши мумкин.

Хасан Илхамов

мустақил эксперт

Мавзуга оид