Ўзбекистон | 20:14 / 27.12.2016
41127
2 дақиқада ўқилади

Рустам Азимов Тожикистон президенти билан муҳим масалалар бўйича музокаралар ўтказди

Фото: fb.com/khadamotimatbuot

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Рустам Азимов 27 декабрь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан музокаралар ўтказди. 

Имомали Раҳмон Ўзбекистон расмий давлат делегациясининг Тожикистонга қилган мазкур ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни бундан буён ривожлантириш ва чуқурлаштириш йўлида муҳим қадам эканини таъкидлади. 

Тожикистон раҳбари Ўзбекистоннинг икки мамлакат ўртасидаги авиақатновларни қайта тиклашига оид ташаббусини ижобий баҳолашини айтиб ўтди. 

У тожик халқи темир йўл участкаларини қайта тиклаш, темир йўл орқали юк ташиш тарифларини пасайтириш, электр энергия импорти ва экспортини тиклаш, қишлоқ хўжалик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, виза тизимини бекор қилиш ва енгиллаштириш ҳамда чегара масалаларини ҳал қилишда муносабатларнинг ижобийлашувини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди. 

Учрашув давомида икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт ва коммуникация, сув, энергетика, маданият, чегаралар муҳофазаси соҳаларидаги ҳамкорлик ривожи бўйича фикр алмашилди. 

Бундан ташқари, учрашувда минтақа ва дунёдаги ҳарбий-сиёсий вазият, шунингдек терроризм, экстремизм, наркотрафик ҳамда бошқа трансмиллий жиноятларга қарши курашни кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. 

 

Мавзуга оид