Жаҳон | 10:52 / 27.12.2016
27356
3 дақиқада ўқилади

Ту-154 фожиасининг гувоҳи пайдо бўлди

Россиянинг “Коммерсантъ” нашрининг ёзишича, Мудофаа вазирлигига қарашли Ту-154Б-2 самолётининг Қора денгизга қулаши билан боғлиқ ҳалокатнинг гувоҳи пайдо бўлган. Унинг сўзларига кўра, Суриянинг Хмеймим авиабазасига йўл олган самолёт баландликка чиқишнинг ўрнига думи билан денгизга тушган, сўнгра парчаланиб чўкиб кетган. Воқеа гувоҳининг шоҳидликлари, самолёт қора қутиси топилмасиданоқ, ҳалокат сабабларини тахмин қилишга имкон беради. Яъни, фожиа учувчиларнинг хатоси туфайли содир бўлган. Бунда, учувчилар ҳавога кўтарилиш чоғида Ту-154ни хавфсиз бурчакдан ўтказиб юборгани сабабли ҳаво лайнери тезлигини йўқотган. Шундан сўнг, баландликка чиқиш ўрнига денгизга шўнғиган. 

Россия Федерал хавфсизлик хизмати «ҳаво кемасининг қулашига гувоҳ киши аниқланган»и ҳақида хабар қилган эди. “Ъ” нашрининг тергов жараёнига алоқадор манбаларининг айтишларича, бу гувоҳларнинг бири ФХХ чегара қўшинлари соҳил қўриқлаш хизмати ходимидир. У ҳалокат рўй берган вақтда Сочи сувларида бўлган. Чегарачининг ҳикоя қилишича, у якшанба куни эрта тонгда авиаҳалокатнинг гувоҳи бўлган. Адлер аэропортидан ҳавога кўтарилган самолёт баландликка кўтарилиш ўрнига денгиз юзасига тезлик билан пасая бошлаган. Кўринишидан у денгизга қўниш учун уринаётгандек таассурот уйғотган. Гувоҳнинг қайд этишича, нимқоронғуликда самолётнинг қўниш учун эгаллаган ҳолати унинг ҳайратига сабаб бўлган. Ту-154 кичик тезликда тумшуғи осмонга бўлган ҳолда пасайган. Воқеа шоҳиди, буни мотоциклнинг орқа ғилдирагида турган ҳолатига қиёслаган. Бир неча лаҳзадан сўнг, унинг айтишича, самолёт думи билан денгизга урилган, зарбнинг кучидан ҳаво лайнерининг думи узилиб кетган, сўнгра сувга қулаган ва тезда чўкиб кетган. 

Экспертларнинг сўзларига кўра, гувоҳнинг айтганларига, у ёки бу даражада самолёт экипажи аъзоларининг ҳаракатлари билан боғлиқ бир неча омиллар сабаб бўлган. ФХХнинг маълум қилишича, Ту-154 учиш йўлагидан белгиланган 345 км/соат тезликда кўтарилган. Бироқ, бир неча сониядан кейиноқ, ҳаво кемаси тезликни ва шунга мувофиқ баландликни йўқота бошлаган. Бунга, мутахассисларнинг фикрича, учувчиларнинг тезроқ баландликка чиқиш учун нотўғри ҳаракатлари сабаб бўлган. Шундан сўнг, тахминларга кўра, самолёт кўтарилишнинг белгиланган хавфсиз бурчагидан ўтиб кетган, қанотларнинг кўтарилиш кучи ва тезлигини йўқотган, натижада денгизга қулаган. 

Сочи фожиасига, шунингдек, техник омиллар ҳам сабаб бўлгани эҳтимол. Масалан, самолётнинг ортиқча юкланганлиги (учувчи диспетчер билан мулоқотда самолётни «оғир» деб атаган), юк сабабли самолёт мувозанатининг йўқолганлиги, стабилизатор ва закрилкаларнинг нотўғри ишлагани ҳамда двигателлар тортиш кучининг кутилмаганда пасайиши шулар жумласидан. 

 

Мавзуга оид