Спорт | 19:44 / 28.12.2016
24551
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 2016 йилги энг яхши спортчиси номи эълон қилинди

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ўзбекистонда 2016 йилги энг яхши спортчи номини эълон қилди. Вазирлик Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинлари чемпиони, боксчи Ҳасанбой Дўсматовни 2016 йилнинг энг яхши спортчиси деб топди. Спортчимиз ўзига топширилган ҳайкалчани Ўзбекистон бокс федерациясидаги матбуот-анжуманга йиғилган журналистларга намойиш қилди. 

Бу мукофот Андижон бокс мактаби вакили, истеъдодли ёш спортчи охирги 5 ой ичида қўлга киритган учинчи нуфузли мукофотдир. Бразилия Олимпиадаси бокс мусобақаси якунларига кўра, Ҳасанбой Олимпия ўйинларининг энг яхши техникага эга боксчисига бериладиган Вэл Баркер кубоги соҳиби бўлганди.

Шунингдек, Халқаро бокс уюшмаси AIBA твиттерда йилнинг энг яхши боксчисини танлаш учун овоз бериш ўтказган. Унинг натижаси бутун дунё мутахассисларини лол қолдирди. Бунга эса 77 фоиз овоз билан ишончли ғалабани қўлга киритган ҳамюртимиз сабаб бўлган. Таққослаш учун, бу овоз беришда қозоғистонлик Дониёр Елеусинов 18 фоиз олиб, 2-ўринни, кубалик моҳир боксчи Робейси Рамирес эса 3-ўринни эгаллаган. Шу тариқа Ҳасанбай Дўсматов дунё аҳлини лол қолдириб, 2016 йилда АИБАнинг энг яхши боксчиси деб топилган ва "AIBA best men boxer 2016" мукофотини олган.

Мавзуга оид