Президент Чилонзордаги янги йўл ўтказгич қурилаётган ҳудудда бўлди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Тошкентда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.
Давлат раҳбари Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда қурилаётган йўл ўтказгични бориб кўрди.
Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур йўл ўтказгич нафақат ҳайдовчилар ва пиёдаларга, балки шу ерда яшаётган аҳолига ҳам бир қанча қулайликлар яратиши кўзда тутилган.
Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун умумий узунлиги 131,6 метр бўлган иккита ер усти ўтиш йўлаги ҳам барпо этилмоқда. Ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йўл ўтказгич қурилишидан мақсад Муқимий ва Бунёдкор кўчалари кесишган чорраҳада юзага келаётган тирбандликни бартараф этиш ҳисобланади.
Президент қурилиш жараёни билан танишар экан, мамлакатда кундан-кунга аҳолининг яшаш фаровонлиги ошиб, хонадонларда машиналар кўпаяётгани, пойтахт кўчаларида автомобиль қатновининг кенгаяётганини инобатга олиш, бунинг учун қўшимча йўллар ва кўприклар барпо этишга эҳтиёж сезилаётганини алоҳида таъкидлади, қурувчиларга ишнинг тез ва сифатли бажарилиши юзасидан тегишли тавсиялар берди.
Кўприк Наврўз байрами арафасида ишга туширилиши мўлжалланмоқда.
Мавзуга оид
12:41 / 10.11.2024
Тошкентда лицей ўқитувчиси ўқувчини дўппослади
15:30 / 22.10.2024
Тошкентда Lacetti икки пиёдани уриб юборди
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
16:18 / 25.09.2024