Трамп ва Порошенко бир соатдан кўпроқ вақт долзарб масалаларни муҳокама қилишди
АҚШ президенти Дональд Трамп 5 февралга ўтар кечаси Украина президенти Пётр Порошенко билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Украина етакчисининг матбуот котиби Святослав Цеголко фейсбукда маълум қилди.
Унинг айтишича, Порошенко суҳбат бошида Трампни инаугурацияси билан табриклаган ва АҚШнинг янги маъмурияти билан барча даражаларда мулоқотнинг фаоллашишига умид билдирган.
Сиёсатчилар суҳбати бир соатдан кўпроқ давом этган. Етакчилар давлатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Донбассдаги вазиятни муҳокама қилишган.
"Томонлар Авдеевкада кескинликнинг авж олиши ва гуманитар вазиятнинг ёмонлашувидан чуқур ташвиш билдиришган", деб ёзган Цеголко. Унинг айтишича, сиёсатчилар ўт очишни тўхтатиш тартибини ўрнатиш зарурлиги ҳақидаги фикрга келишган.
Цеголконинг маълум қилишича, Порошенко ва Трамп Украина ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласини ҳам муҳокама қилишган.
Порошенко Трампга "Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаётгани" учун миннатдорчилик билдирган.
Бундан ташқари, суҳбат чоғида Порошенконинг Вашингтонга ташрифи масаласига ҳам тўхтаб ўтилган. Таъкидланишича, бу ташрифга тайёргарчилик кўриш билан Украина ташқи ишлар вазири Павел Климкин шуғулланади.
Бу суҳбат икки давлат етакчилари ўртасида бўлиб ўтган иккинчи телефон суҳбатидир. Аввалги суҳбат 2016 йил ноябрда бўлиб ўтганди. Ўша суҳбатда Порошенко Трампни сайловдаги ғалаба билан табриклаганди ва Вашингтон томонидан Киевнинг қўллаб-қувватланиши муҳимлигини таъкидлаб ўтганди.
Мавзуга оид
00:11
Зеленский: Трампнинг жамоаси билан уруш тезроқ тугайди
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024
Россия колоннаси Купянскка ёриб кирган, аммо Украина уни яксон қилганини айтмоқда. Нималар маълум?
19:22 / 15.11.2024