Жаҳон | 19:41
8935
7 дақиқада ўқилади

Россия колоннаси Купянскка ёриб кирган, аммо Украина уни яксон қилганини айтмоқда. Нималар маълум?

13 ноябр куни кундузи Россиянинг зирҳли техникалари колоннаси Харкив областининг Купянск шаҳрига ёриб киришга муваффақ бўлган, дастлабки маълумотларда бу ҳарбийлар шаҳарнинг шарқий чеккаларида ўрнашгани айтилди. Аммо украин ҳарбийлари кўп ўтмай бу десант йўқ қилинганини маълум қилди.

Купянскка кираётган Россия колоннаси : видеодан кадр

Купянск — Харкив областидаги муҳим темирйўл ва транспорт тугуни ҳисобланади. У кенг кўламли урушнинг дастлабки кунларида босиб олинган, аммо Украина қуролли кучлари 2022 йил кузида шаҳарни озод этганди.

Оскол дарёсининг икки соҳилида жойлашган бу шаҳар Украина қуролли кучларининг мустаҳкамланган ҳудудига айлантирилди ва Киевга Россия Луҳанск областида эгаллаб ҳудудлар ичкарисига, биринчи навбатда — Сватове ва Креминна шаҳарлари томон ҳужум амалиётларини тайёрлаш имкониятини қолдирганди.

Шу туфайли Россия армияси учун ўзи эгаллаган ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида украинларни Купянскдан ва Оскол шарқий соҳилидан сиқиб чиқариш муҳим эди. Россияликлар 2023 йил кузида ушбу режани амалга оширишга киришган.

Шундан буён Россиянинг юриш амалиётлари Купянскнинг ўзи томонга ҳам, ундан жануброқдаги ҳудудларга ҳам давом этмоқда, РФ армияси жорий йил октябрида шаҳардан жанубда Оскол дарёси бўйига етиб борди ва украинларнинг бу соҳилдаги плацдармини иккига ажратиб қўйди.

Кўп вақтдан буён ҳарбий ҳаракатлар кетаётган фронт чизиғи шаҳардан 7-9 км масофадан ўтади. Россия авиацияси ҳар кунлик авиазарбалари билан бу шаҳарни ҳам вайрона ҳолатга келтирган.

Чоршанба куни нималар рўй берди?

13 ноябр куни РФнинг тўғридан тўғри Купянск чегарасига бостириб киришга илк уриниши ҳақида маълум қилинди.

Россия колоннаси Купянск йўналишида ўрмон оралаб ҳаракатланмоқда: видеодан кадр

Украина қуролли кучлари бош штаби хабар беришича, чоршанба куни соат 14:30 дан россиялик ҳарбийлар Купянск йўналишида украин мудофаасини ёриб ўтишга ҳаракат қила бошлаган. «Рақибнинг штурмчи гуруҳлари тўрт тўлқинда украин ҳимоячилари позицияларига ҳужум қилди. Душман 15 тага яқин техникадан фойдаланди. Хусусан, танклар, жанговар зирҳланган машиналар ва УР-77 миналардан тозалаш қурилмалари», — дейилган Бош штаб хабарида.

Бундан ташқари, Украина ҚК маълумотига кўра, россиялик аскарларнинг бир қисми Украина қуролли кучлари аскарлари каби кийиниб олган. Бош штаб бундай ҳаракатлар уруш олиб бориш қонун-қоидаларини бузиш эканини ва ҳарбий жиноят саналишини қайд этган. Россия расмий манбалари Украина қуролли кучларининг бу даъвоси юзасидан муносабат билдирмаган.

Украина расмийлари ишонтиришича, Украина қуролли кучлари рақибнинг барча зирҳли техникаларини йўқ қилиб,
жонли кучларининг «катта қисмини» ўлдирган.

Украина мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган DeepState таҳлил маркази Россия амалиёти юзасидан нисбатан батафсил маълумот берган. Марказ россияликлар колоннаси ҳаракатини қайд этган дрон видеосини ҳам тақдим этган. Кейинроқ Купянскдаги жанг видеоси фронтнинг мазкур участкаси учун масъул бўлган Ҳудудий мудофаа кучларининг 114-бригадаси томонидан эълон қилинди.

DeepState маълумотига кўра, россияликлар Лиман Первийдан йўлга чиққан иккита колоннада ҳужум уюштирган. Яъни РФнинг зирҳланган гуруҳлари Купянскка қадар 9 км масофа босиб ўтган.

Биринчи колоннада иккита зирҳланган тягач (МТ-ЛБ), БМП ва танк бўлган. Иккинчи колонна таркиби номаълум, чунки у украин позицияларига ҳужум қилганида қоронғи тушганди.

DeepState ёзишича, битта МТ-ЛБ Купянскка келиш йўлидаги ўрмондаёқ зарбага учраган, бошқаси шаҳарнинг шарқий чеккасигача етиб келган ва Некрасов кўчасида йўқ қилинган. Ундан 15 нафарга яқин россиялик ҳарбий тушиб, атрофга тарқалган ва қўшни уйларга бекинган.

Шу кўчада россияликлар танки ҳам йўқ қилинган. DeepState маълумотига кўра, шаҳарга кирган РФ ҳарбийларининг бир қисми жойлашуви аниқланган ва улар йўқ қилинган. Россия қўмондонлиги юборган қўшимча кучларга ҳам аниқ зарба берилган, дея таъкидлайди украинлар лойиҳаси.

Россия зирҳли машинаси Купянскдаги Некрасов кўчасида. Машина зарбага учраган бўлса-да, РФ десантининг бир қисми қўшни уйларга яширинган. Фото: DeepState

14 ноябр тонгидаги ҳолатга кўра, РФ десанти Купянскда ўрнашиб қололмади ва улоқтириб ташланди, деб маълум қилган украин расмийлари ва давлат идоралари. Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко шаҳардаги вазият — «назорат остида» эканини маълум қилган.

«Ҳозирда душман Купянскда ўрнашиб олгани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга мос келмайди. Душманнинг шундай уриниши бўлди, аммо россияликлар йўқ қилинди. Эрталабки ҳолатга кўра, вазият мудофаа кучлари назорати остида», — дея хабар қилган у.

Россия расмий манбалари «Купянскдаги ёриб ўтиш» ҳақида маълумот бермаган.

Аммо айрим Z-мухбирлар, масалан, «Военкор Котенок» (396 минг обуначиси бор) Купянскдаги жанглар ҳали ҳам давом этаётгани ҳақида ёзган. Канал муаллифи ишонтиришича, россиялик штурмовиклар Заосколянинг бир қисмини эгаллаб турибди ва Сватовега олиб борувчи йўлни тўсиб қўйишга уринмоқда.

«Ҳозирда Украина қуролли кучлари Сватовега борувчи қаттиқ қопламали йўлни амалда ўз назоратига олган штурмчи гуруҳимизни йўқ қилиш учун барча чораларни кўрмоқда. Уларга ёрдам учун Петропавловкадаги гарнизон юборилган», — дея ёзган блогер.

Унинг сўзларига кўра, Россия қўмондонлиги шаҳар штурмини қўллаб-қувватлаш ва назорат ҳудудини Гнилица дарёсидан Купянск шимоли-шарқига ва Петропавловка шимолига қадар кенгайтириш учун зарур чораларни кўрмоқда.

Нега бундай бўлди?

Аммо Россия колоннаси қандай қилиб деярли қаршиликка учрамасдан мудофаа чизиғидан ўтган ва барча томондан ишончли ҳимояланган бўлиши керак бўлган шаҳарга бостириб кирган?

DeepState таҳлилчилари Украина қуролли кучлари қисмлари Купянск шимолидаги ўрмонзор бўйлаб «ғалати» жойлаштирилганига эътибор қаратмоқда.

«Сўнгги ойларда туташув линияси барча бўлинмалар учун жумбоқ бўлиб қолди. Украина қуролли кучлари ва душманнинг жанговар сафлари шунчаки ўрмон бўйлаб тарқоқ жойлаштирилган, икки томон ҳам ротациялар амалга оширган, ўрмондаги уруш эса „ғалати“ кўринишда», — дейилган украинлар проекти шарҳида.

DeepState ҳуқуқ-тартибот органларидан фронтнинг мазкур участкасига жавобгар бўлган бригада қўмондонлиги ҳаракатларини ўрганишни сўраган.

Украиналик ҳарбий блогер Олександр Карпюк (Serg Marco) ҳисоблашича, Купянск йўналиши ёриб ўтилишига Украина қуролли кучларининг миналовчи бўлинмаларидаги тақчиллик сабаб бўлган. Улар олдиндан рақибнинг штурм гуруҳлари келиши мумкин бўлган йўлларни миналаштириши керак эди.

У шунингдек, штурм вақтида рақибга ҳужум қилиши мумкин бўлган FPV-дронлар экипажлар етишмаслигига ҳам эътибор қаратган.

Мавзуга оид