Фусиданинг баёнотидан сўнг. Курилни Японияга топшириш — Курилни АҚШга топширишдир
Агар Россия жанубий Курил оролларини Японияга беришга кўнса, бу ҳудудда Америка ва Япониянинг хавфсизлик соҳасида тузилган ҳамкорлик келишуви амалда бўлади. Бундай баёнот Япония ташқи ишлар вазири Фумио Кисида томонидан берилди.
«Бу ҳолатда Япония ва АҚШ келишувига кўра, Япониянинг бошқа ҳудудлари каби келишувнинг 5 моддаси қўлланади», — деган Кисида. Унинг аниқлик киритишича, келишув Вашингтон Япония ҳудудларини ташқи душманлардан ҳимоя қилишни кафолатлайди.
Бундан олдинроқ, 11 февраль куни Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев Курил тизмасидаги бешта номсиз оролга номлар берилиши ҳақидаги фармойишни имзолаган эди. Кўп ўтмасдан Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсихиде Суга Япония Курил тизмаларидаги бешта оролга ном берилиши муносабати билан Россияга норозилик билдиргани ҳақида маълум қилди.
«Бу бизнинг мамлакатимиз позициясига тўғри келмайди ва ачинишни келтириб чиқаради. Дипломатик каналлар орқали 13 февраль куни Россияга норозилик билдирилди», — деди Суга.
Япония Курил тизмасидаги 4та оролга, РФ таркибидаги оролларга даъвогарлик қилади ва тизманинг жанубий қисмини «Япониянинг азалий ҳудуди» деб ҳисоблайди. Москва бу масалада ён бермай келмоқда.
«Аввалига тинчлик келишуви тузилиши керак, кейин декларация кучга киради [1956 йилги декларация] ва 2 орол Японияга берилади», — деганди Россия президенти Владимир Путин ўтган йилнинг 13 декабрида Японияга ташрифидан олдин.
Москва ва Токио ўтган аср ўрталаридан буён Иккинчи жаҳон уруши якунлари бўйича тинчлик шартномасини ишлаб чиқиш масаласида танаффуслар билан маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Бунга Курилнинг жанубий қисми кимга тегишлилиги муаммоси асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда.
2016 йил декабрида Путиннинг Японияга ташрифи доирасида икки томон Жанубий Курил оролларида биргаликда хўжалик фаолиятини юритиш бўйича маслаҳатлашувларни бошлашга келишиб олгани хабар қилинган эди. Бу соҳалар орасида балиқчилик, туризм, соғлиқни сақлаш, экология ва бошқа йўналишлар борлиги билдирилган.
Мавзуга оид
08:34 / 05.02.2019
ОАВ АҚШ ракеталари учун идеал жойни маълум қилди
20:44 / 31.01.2019
Япония Россиянинг 4 та оролини Курилнинг бир қисми деб тан олишдан бош тортди
15:42 / 19.12.2018
Курил оролларига Россия ҳарбийлари жойлаштирилмоқда. Япония бунга норозилик билдирди
11:52 / 23.02.2017