Ўзбекистон | 12:57 / 06.03.2017
17360
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ичимлик суви билан таъминлаш муаммоларини ўрганиш вазифасини топширди

Ўзбекистон яқин беш йилда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш билан жиддий равишда шуғулланишни режалаштирмоқда. Бунинг учун мутахассислар 2017-2021 йилларда ер ости чучук сув захираларини назорат қилиш, ҳисобга олиш ва самарали фойдаланишни тартибга солиш бўйича чоралар мажмуини ишлаб чиқишди. Уни Давлат раҳбарининг махсус қарори билан тасдиқлаш кутилмоқда, деб хабар қилади Sputnik Ўзбекистон. 

Маҳаллий экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги 40-50 йил давомида саноат ва қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланиши ер ости чучук сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатган. Бу сув захирасининг 35 фоизга камайишига олиб келган. Бунга рухсат берилмаган сув бурғуларини ўрнатиш ҳам сабаб бўлган. 

Ўзбекистон Геология ва минерал захиралар давлат қўмитаси томонидан ўтказилган инвентаризациянинг кўрсатишича, бугунги кунда амалда бўлган 7513та сув бурғусидан 4676таси ер ости сувидан фойдаланиш бўйича махсус рухсатномасиз ишламоқда. Айрим шаҳар ва шаҳар қўрғонларида гидрогеологик тадқиқотлар ва мелиоратив тизимларининг қониқарсиз аҳволдалиги туфайли ер ости сувлари сатҳи кўтарилиши билан боғлиқ сув босиш ҳоллари кузатилмоқда. Бунда ер ости сувларини назорат қилиш имконини берувчи 1465та кузатув бурғусидан иборат тизим салбий жараёнларни ўз вақтида аниқлаш имконини бермайди. 

Мутахассислар, шунингдек, қўшни мамлакатлар билан чегарадош ҳудудлардаги ер ости чучук сув захираларининг ифлосланиши бўйича жиддий хавф мавжуд, деган фикрдалар. Бунга қўшни мамлакатлардаги собиқ тоғ-кон саноати корхоналари чиқарган чиқиндилар ҳам сабаб бўлиши мумкин. 

Айрим минтақаларда, ичимлик суви танқислигига қарши курашиш мақсадида саноат миқёсида сувни чучуклаштириш қурилмаларидан етарли даражада фойдаланилмаётгани таъкидланади. Бу каби асбоб-ускуналарни республика ҳудудида ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар мавжуд эмас. 

Янги қарор лойиҳаси айнан ушбу соҳадаги вазиятни ижобий ўзгартиришга қаратилган. Хусусан, 2017 йил 1 июлидан шундай тартиб жорий қилиш режалаштирилганки, унга биноан сув бурғуларини ўрнатиш ишлари фақатгина Давлат геология қўмитасининг жойлардаги гидрогеология корхоналари томонидан амалга оширилади, рухсатномани эса қўмитанинг марказий органлари беради. Қонунга зид равишда ўрнатилган бурғулар қоидабузар ҳисобидан белгиланган тартибда йўқ қилинади. Қоидабузарлар жавобгарликка тортилади. 

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари 2017 йил охиригача маҳаллий чучуклаштириш тизимларининг фаолиятини ўрганиб чиқади. Ҳужжат лойиҳасида кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратилган. Унда Тошкент ирригация ва мелиорация институтида мелиоратив гидрогеология мутахассислари тайёрланади. Бундан ташқари, гидрогеология ва геология муҳандислиги институти негизида "Мелиоратив гидрогеология" илмий-тадқиқот лабораторияси ташкил этилади. 

Мавзуга оид