Спорт | 17:23 / 07.03.2017
8965
5 дақиқада ўқилади

Лондон мўъжизаларга ишонмайди

Бугун Европа чемпионлари лигаси 1/8 финал жавоб учрашувларига старт берилади. Биринчи учрашувда деярли барча масалага ойдинлик киритиб бўлган «Бавария» «Арсенал» меҳмони бўлади. Tribuna.Uz учрашув олди маълумотлар билан ўртоқлашди.

 

АРСЕНАЛ – БАВАРИЯ (8 мартга ўтар кечаси, 00:45, Матч! Футбол 1)
Германияда бўлиб ўтган биринчи учрашувда мезбонлар йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Жамоа кейинги босқич масаласини деярли ҳал қилиб улгурган. Энди «Арсенал» бу фарқни йўқотиши учун мўъжиза кўрсатиши керак бўлади. Қизиқ маълумотлардан бири, 80 марта шундай натижа қайд этилганидан фақат биттасида биринчи учрашувда мағлуб жамоа жавоб учрашувида вазиятни ўнглай олган, 1986 йилда «Реал» Мёнхенгладбахнинг «Боруссия» клубини 4:0 ҳисобида ютган ва кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қилган.

Ўйиндан олдин
Арсенал

«Арсенал» кўринишидан ўзининг энг қийин даврларидан бирини ўтказмоқда. Жамоа бош мураббийи Арсен Венгернинг натижалари сабаб унга нисбатан босим кескин равишда ошган. Жамоа АПЛнинг сўнгги бўлиб ўтган учрашувида «Ливерпуль»га имкониятни бой бериб қўйди ва ЕЧЛ ҳудудидан пастга тушиб кетди. Учрашувда асосий таркибга киритилмаган Алексис Санчес жамоадаги шериклари билан урушиб қолгани айтилмоқда. Катта эҳтимол билан футболчи ёзда жамоани тарк этадиган бўлиб турибди. Шундай қийин вақтларда жамоадан энг камида 4:0 ҳисобидаги ғалабани кутиш жуда қийин.

Бавария
Карло Анчелотти шогирдлари сўнгги вақтларда ажойиб ўйин кўрсатишни бошлади. Жамоада ғолиблик руҳи юқори экани кўзга ташланмоқда. Мюнхенликлар 16 учрашувдирки мағлубият нималигини билмай келишмоқда. Шуларнинг 12тасида улар ғалаба қозонишган. Сўнгги турда жамоа «Кёльн» меҳмони бўлиб рақиблари дарвозасига жавобсиз учта тўп йўллади. Умуман сўнгги учрашувларда Анчелоттининг ҳужум чизиғи анча сермаҳсул фубол кўрсатишмоқда. Охирги 5та учрашувда жамоа 20та гол киритишга муваффақ бўлди. Шунингдек, жамоа фақатгина икки учрашувда «Эмирейтс»да гол кирита олмаган.

Тахминий таркиблар:
«Арсенал»: 
13. Оспина, 18. Монреаль, 6. Косельни, 20. Мустафи, 24. Бельерин, 29. Чака, 34. Коклен, 7. Санчес, 17. Айуоби, 15. Окслейд-Чемберлен, 12. Жиру.
«Бавария»: 1. Нойер, 13. Рафинья, 8. Мартинес, 5. Ҳуммельс, 18. Бернат, 6. Алкантара, 14. Хаби Алонсо, 32. Киммих, 10. Роббен, 9. Левандовски, 25. Мюллер.

Йўқотишлар
Венгер олдида таркиб борасида ҳар доим муаммолар бўлиб келган. Аарон Рэмзи ва Санти Касорланинг узоқ муддатга сафдан чиққан. Эндиликда «Бавария»га қарши жавоб учрашувини яна бир етакчи Месут Ўзил ҳам ўтказиб юборадиган бўлди. «Бавария» таркибида жароҳати сабаб Жером Боатенг майдонга туша олмайди. Шунингдек, Франк Риберининг ҳам асосий таркибга киритилиши сўроқ остида турибди. Катта эҳтимол билан француз иккинчи бўлимда майдонга туширилади.

Ўйинолди фикрлар

Арсен Венгер («Арсенал» бош мураббийи):
«Бу учрашувдаги ягона устунлигимиз бизда бошқа танловнинг йўқлиги. Йўқотадиган ҳеч нарсамиз қолмаган. Танмасдан ҳужум қилишимиз ва голлар киритишимиз талаб қилинади. «Арсенал» мана тўртинчи маротаба Европанинг ёки энг кучли, ёки иккинчи кучли жамоаси бўлиб келаётган «Бавария»га қарши тўқнаш келмоқда. Амалга оширишимиз керак бўлган вазифа жуда мураккаб. Биз ҳужумлар эвазига ўзимизга имконият яратишни истаймиз. Аммо учрашув қандай якунланишидан қатъи назар биз қўлимиздаги бор барча қарталарни ўйинга ташлаймиз ва 90 дақиқа максимал куч сарфлаган ҳолда ўйин олиб борамиз».

Карло Анчелотти («Бавария» бош мураббийи):
«Устунлик биз томонда. Шунга қарамай футболчилар бор-эътиборини шу ўйинга қаратган. Улар ўйин биз учун мураккаб бошланиши мумкинлигини яхши билишади. Шунчаки майдонда қандай ўйнаш кераклигини ўзимиз учун аниқлаб олишимиз керак. Ҳозир жуда яхши спорт формасидамиз. Барча кучга тўлган ҳолатда тайёр бўлиб турибди. Яхши футбол кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ўзимизнинг ҳақиқий футболимизни кўрсатиб натижага эришмоқчимиз».

Мавзуга оид