Жамият | 13:53 / 11.03.2017
25179
3 дақиқада ўқилади

Истеъмолчилар ҳисобига қарздорликларни асоссиз юклаб қўйган газ назоратчиси жазога тортилди

Баъзи бировлар ўзгаларни алдаш, панд бериш эвазига кун кечиришни яхши кўришади. “Қаҳрамон”имиз Отамурод Шокиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шундайлар сирасига киради. 

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, у қўшкўпирлик фуқаро А.Адамова номидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш “Ягона дарча” марказига ариза билан мурожаат қилиб, давлат реестри китобига унинг имзосини қалбакилаштириб қўйиб, гувоҳномани ноқонуний равишда қўлга киритади.

Кейин эса “Микрокредитбанк”нинг Хоразм вилоят филиалига мурожаат қилади ва А.Адамова номига йиллик тўққиз фоиз устама билан 59 млн. сўм миқдорида кредит олишга муваффақ бўлади.

Уйига солиқ органи ходимлари келиб, солиқдан қарзлари борлигини айтишганда, А.Адамова ҳайрон бўлиб қолди. Унинг отаси масалага ойдинлик киритиш мақсадида вазиятни ўргана бошлади. Бу орадан кредит масаласи ҳам қўзғалди. Чорасиз қолган А.Адамова ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳолат юзасидан тегишли чора кўришларини сўраб мурожаат қилди. Суриштирув ва дастлабки терговда А.Адамовага етказилган моддий зарар тўлиқ қопланди. О.Шокиров тегишли жазосини олди.

Фирибгарлик билан боғлиқ яна бир жиноят “Қўшкўпир-тумангаз” филиали назоратчиси М.Солиев томонидан содир этилган. У Ших маҳалласида истиқомат қилувчи А.Салимовга табиий газ тўловларидан 510 минг сўм қарзи борлигини айтиб, 300 минг сўм эвазига қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома олиб беришни ваъда қилади. Ўзаро келишувга эришгач, корхона компьютер базасидан қарздорликни ўчиради ва маълумотномани А.Салимовга олиб келиб беради. М.Солиев А.Салимовдан келишилган пулни олган вақтда департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Аниқланишича, М.Солиев бундан ташқари, Ших қишлоғида истиқомат қилувчи 445 та истеъмолчилар ҳисобига 97 млн. 855 минг сўмлик қарздорликни ҳеч бир асослар мавжуд бўлмаган ҳолда юклаб қўйиб, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган экан.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва суд ҳукми билан М.Солиев тегишли жазосини олди.

Мавзуга оид