Шавкат Мирзиёев ва Ангела Меркель бир-бирларини қутлашди
Германия Федератив Республикаси (ГФР) канцлери Ангела Меркель Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси ва ГФР ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан табрик йўллади.
“Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Ўтган вақт давомида ўзаро ҳамкорлигимиз турли соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Германия билан Ўзбекистон иқтисодиёт, хавфсизлик ва маданият соҳаларида, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасида ишончли ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Германия Федерал ҳукумати Ўзбекистон Республикасини парламент ваколатларини кенгайтириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилишга қаратилган 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ҳамкор сифатида қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Германия минтақа давлатлари билан ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари сифатида Сиз белгилаб берган дўстона ва яқин қўшничилик муносабатларини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман.
Давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ва унинг халқига тинчлик, эркин ва фаровон ҳаёт, мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги янада кенгайишини тилайман», - дейилган табрик мактубида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қутловида эса шундай дейилади: «Мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам асосга эга бўлган, изчиллик ва ўзаро ишонч руҳидаги яқин ҳамкорлик энг юксак эътирофга лойиқдир. Биз Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бошлаб мустақил тараққиётимиз ва суверенитетимизни Германия қатъий қўллаб-қувватлаб, кенг кўламли демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда амалий ёрдам кўрсатиб келаётганини юксак қадрлаймиз».
Давлатимиз раҳбари қуйидагиларни алоҳида таъкидлаган: "Бугунги кунда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар, Савдо ва инвестициялар бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳ, Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгаши, Ўзбекистондаги немислар масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссия каби институционал механизмлар ташкил этилган ва самарали фаолият кўрсатмоқда, 140 дан ортиқ битимдан иборат кенг қамровли шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилган".
Қутловда гуманитар алоқалар ҳам фаол ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилган. Бугун Ўзбекистонда Гёте институти, К.Аденауэр ва Ф.Эберт номидаги жамғармалар, Хориждаги мактаблар марказий бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ваколатхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти "Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва томонларнинг манфаатлари инобатга олинган принципларга асосланган икки ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттириш зарур", дея ишонч билдирган.
Мавзуга оид
22:19 / 09.11.2024
Шотландиядаги маёқ деворидан 132 йил олдин ёзилган мактуб топилди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024