Ўзбекистон | 21:15 / 15.03.2017
12491
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБ делегацияси уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди

15-17 март кунлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вакиллари президент Сума Чакрабарти раҳбарлигида Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақида ЕТТБнинг матбуот хизмати хабар берди. 

ЕТТБ делегацияси Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакат раҳбарияти билан музокаралар ўтказади ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилади. 

Хусусан, томонлар Ўзбекистон иқтисодиётининг ишбилармонлик ва рақобатбардошликни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек сармоя ва технологияларни жалб қилишга доир масалаларини муҳокама қилишади.

"Ўзбекистон Марказий Осиёнинг минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий тараққиёт муваффақияти учун муҳим мамлакат ҳисобланади", - деди ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти. У Ўзбекистон раҳбарияти билан мамлакатда ЕТТБ фаолиятини кенгайтиришга доир музокараларни сабрсизлик билан кутаётганини таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, ЕТТБ Ўзбекистон билан минтақавий ҳамкорлик ва интеграция, консультацион хизматлар ва кичик ҳамда ўрта бизнес, шунингдек яшил энергия ва энергосамарадорликни оширишга доир лойиҳаларни молиялаштириш каби йўналишлар бўйича ҳамкорликдан манфаатдор. 

ЕТТБ Ўзбекистонда 1993 йилдан буён фаолият юритади. ЕТТБ мамлакатга умумий ҳисобда 894 миллион евро сармоя киритган. Банк лойиҳаларининг Ўзбекистондаги портфели 8 миллион еврони ташкил қилади. 

Мавзуга оид