Жаҳон | 20:42 / 02.04.2017
25642
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркиянинг ЕИга қабул қилинмаслик сабабини айтди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатнинг 50 йилдан ортиқ вақт давомида Европа Иттифоқига қабул қилинмаслиги биринчи навбатда диний омилларга боғлиқ эканини айтди. Hurriyet нашри шу ҳақида хабар берди
 
"Биласизми, нима учун Туркия 54 йилдан бери ЕИга қўшила олмаяпти? Бунинг сабаби аниқ: ЕИ - бу насронийлар иттифоқи", - деди у Анқарадаги намойишда. 
 
Шу ўринда турк раҳбари Европа етакчиларининг Ватиканда Рим папаси Францискни "итоаткорона" тинглашганини таъкидлаб ўтди. 

Шунингдек Эрдўған 16 апрелни "ЕИ сиёсатига жавоб бериладиган кун" деб атади. Унинг сўзларига кўра, Конституциядаги президентлик бошқарувига ўтишни кўзда тутувчи ўзгаришлар туфайли мамлакат тараққиёти тезлашади, давлат душманлари эса буни исташмайди.
 
"2016 йилда, кўплаб Ғарб мамлакатлари иқтисодий таназзулни енгиб ўта олмаётган бир пайтда Туркия иқтисодиёти 2,9 фоизга ўсди", - дея қўшимча қилди давлат раҳбари. 

Мавзуга оид