Ўзбекистон | 20:58 / 11.04.2017
18423
6 дақиқада ўқилади

Бухоро йўллари: мавжуд вазият ва белгиланган режалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини янгича кўринишга олиб келди. Жойлардаги муаммоли вазиятлар ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда ва ижобий томонга ҳал этилмоқда.

Бухоро вилоятидан таҳририятимизга келиб тушаётган кўп сонли мурожаатлар юзасидан вилоят ҳокимлиги билан боғландик ва мазкур масалаларга улардан жавоб олишга ҳаракат қилдик. Қуйида вилоятнинг йўл масаласига доир саволларга “Ўзавтойўл” АК “Бухоро автойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти раҳбари Ш. Абдуллаев томонидан берилган жавобларни ҳавола этамиз.

Мурожаатлардан бирида шундай дейилади: “Салом. Мен Бухоро вилояти, Когон туманиданман. Когон-Қизилтепа йўли масаласи ҳақида сўрашни лозим топдим. Чунки бу йўл ишдан чиққанига ўн йил тўлди. Бу йўлдан машинада эмас ҳатто пиёда юрсангиз қийналасиз. Ҳар йил шу масала кўтарилади, лекин аниқ бир иш қилинмайди. Айни дамда бу иш юзасидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?”

Берилган жавоб: “4Р65-“Адизобод-Когон ш.” автомобиль йўлининг Бухоро вилоятидан ўтувчи қисми 20 километрни ташкил этиб, ушбу йўлнинг 30-38-километрларида Когон ТЙХПТФК томонидан, 43-46-километрларида Ромитан  ТЙХПТФК тўла таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу объектлар 2018 йилда фойдаланишга топширилади.

Йўлнинг қолган қисмларида Когон ТЙХПТФК томонидан 2017 йил давомида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда”.

Яна бир мурожаатда “Салом. Қоракўл туманидаги Жиғачига олиб борувчи йўл таъмирланиши қачон кўзда тутилган? Илтимос, шу масала юзасидан жавоб берсангиз. Олдиндан раҳмат”, дейилади.

Берилган жавоб: “Қоракўл  ТЙХПТФК томонидан ушбу автомобиль йўлининг 7 км. қисмида 2016 йилда биринчи босқичда жорий таъмирлаш доирасида қум-шағал аралашмасидан йўл асоси қурилди. Шунингдек, 0,8 км. қисмида янгидан асфальт ётқизилди. Яна 1,5 км. қисмда асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. 

Ромитан ТЙХПТФК томонидан 0-3 км. қисмида ҳам тўла таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу объектлар 2017 йилда фойдаланишга топширилади.

Умуман ушбу йўл 2017-2019 йилларда босқичма-босқич тўла таъмирдан чиқарилади”.

Бошқа бир мурожаат мазмуни қуйидагича: “Ассалому алайкум. Бухоро Газли автомагистраль йўли таъмирланадими ёки яна бир неча йил давомида шундай ўнқир-чўнқир бўлиб тураверадими? Бу йўлдан юришнинг иложи бўлмай қолмоқда”.

Берилган жавоб: “А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” йўлининг 228-439 км. қисмларида цементбетон қопламали йўл ётқизилиши белгиланган. Автомобиль йўлининг 315-439 км қисми қайта қурилди. Йўлнинг 228-315 км. қисми 2017-2019 йилларда реконструкция қилиниши белгиланган”.

“Салом. Бухородаги парниклар ва Бухоро эҳтиёт қисмлар ёки машина бозор йўллари ҳамда Туткунда қишлоғи бирлашадиган йўл қачон таъмирланади? Бу йўл 10 йилдан бери аянчли аҳволда. Йўлнинг ҳолати катта чуқурлардан иборат. Айни дамда бу йўл Бухоро ва Когонни қўшимча йўл сифатида бирлаштиради. Шунинг учун мен бу йўлни асосий йўл, десам ҳам адашмайман. Бухорода меҳмонлар ўтадиган йўллар аҳволи яхши лекин шаҳарни бошқа қисм йўлларига ҳам қараш керак-ку”, дейилади бошқа бир мурожаатда.

Берилган жавоб: “4К186 “Тайтал қ-Тутикунда қ-Зоғоракаш қ” автомобиль йўли 2017-2020 йилларда жорий таъмирланади. Шунингдек, йўлнинг 1-10 км. қисми 2018-2019 йилларда тўлиқ таъмирдан чиқарилади”.

“Салом. Вилоятимиздаги ички ва магистраль йўллар таъмир талаб. Автомобиль йўллари жуда ачинарли аҳволга келиб қолган. Бу борада нима ишлар амалга ошириляпти?”, дейилади мурожаатлардан бирида.

Берилган жавоб: “Жорий 2017 йилда Бухоро вилояти  бўйича жами 305,7 км автомобиль йўллари қурилиши, реконструкция ва таъмирланиши белгилаб олинган бўлиб, ушбу мақсадларга 136,2 млрд.сўм маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

- умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини қурилиши ва реконструкциясига 52,0 млрд.сўм ажратилган;          

- давлат ва халқаро аҳамиятдаги 29,0 км автомобиль йўлларини капитал таъмирлаш учун 29,7 млрд.сўм йўналтирилиши белгиланган;

- маҳаллий аҳамиятдаги 6,7 км автомобиль йўлларини капитал таъмирлашга – 8,9 млрд.сўм йўналтирилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, хўжаликларнинг ички йўлларини таъмирлаш учун 29,2 млрд.сўм (228 км) йўналтирилиши кўзда тутилган.   

Бундан ташқари, Бухоро шаҳар кўчаларида 2,0 млрд.сўм эвазига 5 км йўлларни таъмирлаш ишлари жорий йилнинг 1 июлигача якунига етади”.

Мурожаатлар юзасидан берилган жавоблардан кўриниб турибдики, Бухоро вилоятида йўлсозлик соҳасида истиқболда бажариладиган ишлар талайгина. Бу борада режалар, дастурлар ва аниқ мақсад мувофиқлаштирилган. Ушбу ишлар қоғозда қолиб кетмай, ҳаётга татбиқ этилиб, одамлар ҳаётида янада енгиллик бағишлашидан умидвормиз. Зеро, ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учундир.

Мавзуга оид