Жамият | 20:42 / 02.05.2017
11590
2 дақиқада ўқилади

Тарихдаги биринчи физика китоби 791 минг долларга сотилди

Илм-фан ҳақидаги тарихий китоблар кўплаб коллекционерларда қизиқиш уйғотади. Аукционерлар бу трактаталарни катта нархларда пуллашади. "Discorsi e dimostrazioni matematiche, intorno due nuove scienze attenenti alla mecanica & i movimenti locali" ("Икки янги фанга оид маърузалар ва математик намойишлар") номини олган физика бўйича илк ўқув дарслиги 1638 йилда италиялик физик, механик, астроном ва математик Галилео Галилей томонидан ёзилган. Hi-News шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Ўқув дарслиги Галилейнинг 30 йиллик илмий изланишлари натижаларини ўзида жамлаган ва шу боис у илм-фан учун катта аҳамиятга эга. 

Олим унинг тақиқланган ишини чоп этишга тайёр ноширни бир неча йиллар давомида излашига тўғри келган - машҳур нидерландиялик ношир Луи Эльзевье мазкур китобни нашрдан чиқаришга рози бўлди. 

1639 йилда Италия китоб дўконларида унинг мазкур ўқув дарслиги пайдо бўлди. Инквизиция бунга муносабат билдиришга улгурмади, 50 нусханинг барчаси бир зумда сотиб бўлинди. Бугунги кунга келиб, китобнинг атиги бир неча нусхасигина сақланиб қолган, уларнинг аксарияти хусусий коллекционерлар тасарруфида.

Фото: hi-news.ru

Ўқув дарслиги замонамиз кишиси учун тушунарсиз бўлган тилда ёзилган. Уч қаҳрамон Симплисио, Сагредо ва Славиати турли илмий мавзуларни муҳокама қилишади.

Китобнинг биринчи боби - механикага, иккинчиси - материаллар мустаҳкамлигига, учинчи ва тўртинчиси ҳаракатлар илмига бағишланган.

Ўқув дарслиги 727 919 еврога (791 190 долларга) Pierre Berge and Associates компанияси вакили томонидан қўлга киритилди. 

Мавзуга оид