Жамият | 15:49 / 22.05.2017
96613
5 дақиқада ўқилади

Ўқитувчини бир кунда 6 соатдан кўп ишлатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ

Фото: Flickr

Кун.uz таҳририятига қуйидаги мазмунда мактуб келиб тушди: “Ўзим ўқитувчиман, Тошкент шаҳридаги мактабда ишлайман. Охирги вақтларда биз ўқитувчиларга қўйилган қоғозбозлик талабларидан қочиб кетгимиз келади. Лекин на илож болаларни боқишимиз, рўзғор тебратишимиз керак. 

Шу қоғозлардан қочиб, олийгоҳларни тугатган ёшлар мактабга ишга келмайди, бошқа жойдан иш қидиради. Дарсга пухта тайёрланишга, ўз устимизда ишлашга вақт қолмайди. Яна бир оғриқли муаммо - бу дарсдан кейинги тўгараклар. Соат 2-3 гача болалар қолгиси келмайди, чунки улар оч қолишади. Кейин ҳар хил спорт мактабларида машғулотлари бўлади, инглиз тили ва бошқа тўгараклар ҳам бор. Мактабга текширувчилар келганда, биринчи ўринда, ўша тўгараклар иши текширилади. Бўш ўзлаштирувчилар, иктидорлилар билан ишлаш-ку майли, лекин фан тўгаракларида ҳар хил буюмларни ясашни биз ўргатишимиз керак-ми?! Биз меҳнат устозлари эмасмиз-ку?!

Тўғри, ҳозирги ёшлар бўш қолмаслиги керак, банд бўлиши зарур, лекин ҳар битта ота-она боласини ўйлаб, мактабдан ташқари ҳар-хил тўгаракларга беради-ку! Ўша машғулотларни (бўш ўзлаштирувчилар билан ишлаш ва ҳоказо) соат 2 да тугаши керак, деб ўйлайман. Шунда ўқувчи ҳам чарчамайди ва яна келишни хоҳлайди”.

Мурожаат эгаси исмини сир сақланишини сўраб қолган. Масала юзасидан Халқ таълим вазирлигига юзланганимизда вазирликнинг Таълим муассасаларида ўқув тарбия жараёнини ривожлантириш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдураҳим Носиров қуйидаги тартибда жавоб қайтарди:

“Халқ таълими вазирлиги педагогларни турли қоғозбозликдан халос этиш ва уларни асосий иши – кўпроқ ўқувчилар билан ишлашга имконият яратиб бериш мақсадида қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, ўқитувчиларнинг намунавий йиллик иш режаси қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди. Масалан,  умумтаълим мактаби ўқитувчиларининг намунавий йиллик иш режаси 2011-2012 ўқув йилига қадар 5 та йўналиш 33 та иш туридан иборат бўлган бўлса, янги таҳрирдаги намунавий йиллик иш режасида  ўқитувчиларнинг асосий фаолияти дарс, дарсга тайёргарлик кўриш ва синфдан ташқари тарбиявий ишларига қаратилиб, 3 та йўналиш 10 та иш туридан иборат этиб белгиланди. 

Қолаверса, Халқ таълими ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларининг 2010 йил 27 майдаги  125- ва 125қ/б -сонли қўшма  буйруқларига асосан ўқитувчи томонидан юритилган 18 та турли дафтарлар қисқартирилиб, уларнинг сони 6 тага туширилди. Булар:

  • -  йиллик иш режаси;
  • -  тарбиявий ишлар режаси (синф раҳбари учун);
  • -  тақвим - мавзу режа;
  • -  дарс конспекти;
  • -  дарс кузатиш дафтари;
  • -  синф журналини юритиши белгилаб қўйилган. Мазкур ҳужжатлар ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва уларга ҳақ тўлаш учун энг зарур бўлган ҳужжатлар ҳисобланади. 

Шунингдек, мазкур қўшма буйруққа мувофиқ ўқитувчилар асосий фаолиятини дарсларни сифатли ўтишга қаратиш мақсадида, турли текширувлар жараёнида улардан юқорида қайд этилган  ҳужжатлардан бошқа ҳужжатларни тақдим этиш ҳамда ҳисоботларни талаб қилиш қатъиян ман этилади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 275-сонли қарорига кўра фан ўқитувчиси (1 ставка)нинг йиллик умумий иш юкламаси 1548 соат этиб белгиланган.

Юқоридаги йиллик умумий иш юкламасини бажариш учун умумий ўрта таълим мактабида 1 ставка ишлайдиган фан ўқитувчиси йил давомида 34 ҳафта, ҳафтасига 36 соат, 1 кунда 6 соат ишлаши лозим. Умумтаълим мактабларида соатбай дарс берадиган фан ўқитувчилари бундан мустасно.

Умумий ўрта таълим мактабларида намунавий йиллик иш режага асосан 1 ставка ишлаётган ҳар битта фан ўқитувчиси йилига 64 соат, яъни ҳафтасига икки соатдан ўқувчилар билан индивидуал ишлаши лозим. Мактабларда ўқувчиларнниг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиққан ҳолда чет тилларини ўргатиш, турли фан, касб-ҳунар тўгараклари ҳам ташкил этилиши мумкин, бу тўгарак машғулотлари алоҳида штат ажратилган мутахассис томонидан юритилади. Қолаверса, мактабларда “Баркамол авлод” болалар марказларининг тўгараклари ҳам ташкил этилиши мумкин, улар пуллик асосда марказ мутахассислари томонидан олиб борилади”.

Жамиятда ҳар бир соҳа эгаси ўз вазифасини мукаммал қилса, атрофдаги ўзига тааллуқли бўлмаган омилларга чалғимаса, биринчидан у ўз касбига кўп вақт ажаратади ва соҳасининг пухта билимдони бўлади, иккинчидан бундан ён-атрофдагилар ҳам манфаатдор бўлади. Жумладан, ўқитувчи ўз касбига меҳр бериб, ортиқча чалғитишларсиз ўз ишини қилса, ундан сабоқ олаётган ўқувчиларнинг маърифати янада зиёда бўлади. Аксинча бўлса эса, бу ҳолатда фақат “мендан кетиб эгасига етгунча”, қабилидаги ишлар юзага чиқаверади.

 

Мавзуга оид