Ўзбекистон | 15:30 / 22.05.2017
58217
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг илк учрашуви: дўстона кўришиш

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган АҚШ ва араб-мусулмон давлатлари саммитида иштироки доирасида Ўзбекистоннинг 2016 йилнинг декабрида сайланган президенти Шавкат Мирзиёев билан илк бор учрашди. Президентлар қўл сиқишиб, бироз мулоқотга киришиш учун фурсат топишди, деб хабар беради Тожикистоннинг «Азия-плюс» портали.

Тожикистон президентининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган фотосуратдан президентлар ўртасидаги дўстлик мустаҳкам эканлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин:

Имомали Раҳмон, Шавкат Мирзиёев, Нурсултон Назарбоев Ар-Риёддаги саммитда илиқ суҳбат қуришди. Фотосурат Тожикистон президенти матбуот хизматиники.

Дўстлик қандай пайдо бўлди?

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов вафот этгач ва Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг ўзбек-тожик муносабатларида сезиларли даражада илиқлик кўзга ташлана бошлади.

Ўтган йилнинг 9 сентябрида, ҳали бош вазир Шавкат Мирзиёев мамлакат президенти вазифасини вақтинчалик бажараётганида у Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги бош устувор вазифалардан бири — ўз мамлакати манфаатлари чамбарчас боғлиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш эканлигини айтиб ўтган эди. 

«Биз ўзимизнинг энг яқин қўшниларимиз — Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз», — деган эди Мирзиёев. 

Ўтган йилнинг 29 сентябрида Мирзиёевнинг топшириғига кўра, Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов Душанбега ташриф буюрди.

Комиловнинг Тожикистон президенти билан учрашуви мобайнида томонлар сўнгги вақтларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда кузатилаётган ижобий тенденция, жумладан, товар айланмаси ҳажмининг ошгани, савдо-иқстисодий алоқалар бўйича ҳукуматлараро комиссия ишининг фаоллашганидан қониқиш ҳосил қилишаётгани, шунингдек, юқори ва олий даражада сиёсий маслаҳатлашув ва мулоқотларни доимо қўллаб туришнинг муҳимлигини қайд этишди.

2016 йилнинг 27 декабрида Душанбеда савдо-иқтисодий алоқалар бўйича Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди ва унда томонлар икки томонлама муносабатларни янада фаоллаштириш ниятлари борлигини билдиришди.

Ўтган йилнинг 5 октябрь ва 5 декабрида Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев телефон орқали суҳбатлашиб, икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш масалаларини муҳокама этишган эди. 

2017 йилнинг апрелида 25 йиллик танаффусдан сўнг Душанбе ва Тошкент ўртасидаги авиақатнов яна тикланди.

Апрель ойининг сўнгида Душанбеда икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг кенг кўламли кўргазмаси бўлиб ўтди. Май ойининг бошида эса тожик-ўзбек муносабатлари тарихида илк бор Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди.

Мавзуга оид