Ўзбекистон | 20:50 / 23.05.2017
102909
6 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабздаги тўртта қишлоқ карантин ёқасида

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманига қарашли Мироқи шаҳарчаси ўзининг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси ва хушманзара жойлари билан нафақат юртимиз аҳолисини, балки хорижий давлатдан келаётган сайёҳларнинг ҳам эътиборини ўзига тортиб келади. Баланд тоғлар, қир-адирлар ва шилдираб оқувчи жилғалар-у, сойлар бу шаҳарчанинг ўзига хос манзарасини акс эттиради.

Мана шу Мироқи шаҳарчасида Улоч қишлоғи жойлашган. Қишлоқ аҳолиси меҳнаткаш, самимий ва очиқкўнгил кишилар. Тоғ кишилари бўлганликлари учунми, юзлари тиниқ, ўзлари эса тетик кўринишади. Аммо сўнгги ойлар ичида бу одамларнинг бошига оғир ташвиш тушиб қолди. Гап, муболағасиз айтганда, уларнинг ҳаёт-мамоти ҳақида боради.

Кун.uz таҳририятига келиб тушган мурожаатлардан бирида шу ҳақда сўз юритилган. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб, мазкур қишлоқ ҳудудига Шаҳрисабз туманидан чиққан барча чиқинди-ахлатларни машина-машина олиб келиб ташлаш бошланади. Бу иш бора-бора авжига чиқади ва алалоқибат вазият жар ёқасига келиб қолади.

Гап шундаки, чиқинди-ахлатлар тўкилаётган жойдан қишлоқ аҳолиси ичадиган сув йўли ўтган. Янада аниқроқ тушунтирадиган бўлсак, мазкур қишлоққа тоза ичимлик суви қувурлари ўтказилмаган. Куз ва қиш фаслларида тоғларда йиғилган қорлар, баҳор ойига келиб эриб, жилғалар ҳосил қилиб, катта анҳорга бориб тушади ва аҳоли ана шу сувдан истеъмол қилади. Булоқ сувлари ҳам шу жумладан. Тоғ ва ердан сизиб чиққан сувнинг ҳеч қандай зарар томони йўқ, аммо ана шу сув йўлига ҳар куни 20-25 юк машинасида чиқинди-ахлат ағдарилса, у ҳақиқий офатга айланади.

Мазкур масала юзасидан Улоч қишлоғи оқсоқоли Нурулла Зиёдуллаев билан кўришдик. У кишининг айтишига қараганда, мазкур улкан чиқиндихона қишлоқ атроф муҳитига салбий таъсир ўтказмоқда, чорваларни заҳарламоқда ва инсонлар ҳаётига хавф солмоқда. У киши берган маълумотларга кўра, мазкур чиқиндихона пайдо бўлгандан бери, қишлоқда 70 бошга яқин чорва нобуд бўлган. У ердан чиқаётган бадбўй ҳид бутун қишлоққа ёйилади, чивинлар эса касаллик тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашганимизда ҳам уларнинг юз-кўзидан норозилик аломатларини пайқаш қийин эмас эди. Уларнинг айтишига кўра, чиқиндихона остидан сизган сув тоза сувга қўшилгач, сув ифлосланган ва бунинг оқибатида икки нафар ёш бола – бири “сариқ” касаллиги билан, иккинчиси эса ичак йўлларининг яллиғланиш касали билан оғриб, шифохонага шошилинч ётқизилган.

- Бу хатарнинг олди олинмаса, мазкур чиқиндихона жуда катта фожиага сабаб бўлиши мумкин, - деди қишлоқ оқсоқоли. – Чунки сел келиб ахлатлар йирик анҳорга тушса, бутун бир сув тизими заҳарланади. Мана шу ердан ўтувчи сув Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ ва Қамаши туманларигача боради. Тасаввур қиляпсизми фожиа кўламини. Бу сувдан истеъмол қилувчи тирик жон бор-ки, ундан заҳарланади. Ҳозир бу фалокатнинг олдини олишнинг айни пайти.

Қишлоқ оқсоқолининг гапида жон бор. Худо кўрсатмасин, бирор бир фожиа бўлиб, ҳамма оёғини қўлига олиб чопгандан кўра, муаммо энди илдиз отаётган вақт унга болта уриш керак. Қишлоқда яшовчи бир киши айтиб қолди: “Қишлоғимизда болалар оромгоҳи бор, лекин оромгоҳ директори мана шу сув сабаб бу ерга болаларнинг ёзги таътилда қабул қилишга қўрқиб турибди. Битта-яримта бола сувдан заҳарланиб қолса, бошим билан жавоб бераман, дейди бояқиш”. Ҳақ гап. 

Ушбу масаланинг яна бир жиҳати бор. Чиқинди ва ахлатлардан чиқаётган ифлос сув, у ерга олиб бориб ташланган ўлик ҳайвонларнинг қон ва йиринглари сизиб, тоза сувга бутунлай аралашиб кетиш хавфи бор. Чорва моллари ҳудди ўша ерларда ўтлаб, ахлатлар ичида юрибди. Уларнинг гўшти заҳарланмайди деб ким кафолат беради?

Тоғлар орасидан ўтиб келган сув йўли. Бу йўл тўғри чиқиндихона томон йўналган

Тўртта қишлоқ – Қани, Полмон, Бўзариқ ва Улоч қишлоқлари бирлашган Оқсув ҚФЙ раиси Илёс Каттаевнинг ҳузурида бўлдик. У кишининг айтишига қараганда, жорий йилнинг апрель ойида Улоч қишлоғи фуқаролари мазкур муаммо юзасидан шикоят қилишади ва туман ҳокимиятига мурожаат этишади. Туман ҳокими, прокуратура, ИИБ, санитария-эпидемология ва бошқа мутасадди ташкилотлардан вакиллар бориб, у ҳудудни ўрганишади. Улар вазиятнинг нечоғли танглигини ҳисобга олган ҳолда, Шаҳрисабз туманидаги Тўдамайдон ҚФЙга қарашли Ғани Бобоёров деб номланувчи ҳудуддан чиқиндихона учун жой ажратишади. Қишлоқ ҳудудида чиқиндихона учун бошланган қурилиш ишлари тўхтатилади.

Чиқиндихонанинг ёни. Сув тўпланадиган ҳавза. 

Аммо маҳаллий аҳолининг айтишига қараганда, шунга қарамай бу ерга чиқинди олиб келиш ҳамон давом этмоқда. Улар бу ер аввалгидек хушманзара, боҳаво жой бўлишини, нафақат Республикамиз балки чет эллик меҳмонларнинг ҳам кўнглини овлашни истайдилар. Ҳеч бир иш дарров ва тез содир бўлмайди, аммо дунёда пайсалга солиб бўлмайдиган ишлар ҳам бор. Вақт кеч бўлмасдан ўша ишни ҳал этиш керак, деган ўгит берган донолар. Ўйлаймизки, Улоч қишлоғи аҳолисини қийнаб келаётган мазкур муаммо яқин кунлар ичида ижобий томонга ҳал этилади. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Сарвар Анвар ўғли
Кун.uz мухбири

Мавзуга оид