Ўзбекистон | 21:30 / 24.05.2017
9179
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев БАА вазирини қабул қилди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 май куни Тошкентга расмий ташриф билан келган Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири шайх Абдулла ибн Зайд ан-Наҳаённи қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

Президент меҳмонни қутлар экан, кенг кўламли ўзаро амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлади. 

Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида 21 май куни Ар-Риёд шаҳрида Абу Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад ибн Зайд ан-Наҳаён билан учрашув, шунингдек, турли даражадаги алоқалар фаоллашгани Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишидан икки мамлакат ҳам манфаатдорлиги ва бунга тайёр эканини тасдиқлаши қайд этилди. 

Суҳбатда БАА етакчи банк-молия институтлари ва компаниялари иштирокида иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси Амирликлар томонидан қўллаб-қувватлангани юқори баҳоланди. БАА делегациясининг ташрифи давомида Маданий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро англашув меморандуми имзолангани мамнуният билан қайд этилди. 

Шайх Абдулла бин Зоид Ал Наҳаён Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва БАА Президенти шайх Халифа бин Зайд ан-Наҳаён ва Абу Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад ибн Зайд ан-Наҳаённинг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини етказди. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга Бирлашган Араб Амирликлари тайёрлигини таъкидлади. 

Мавзуга оид