Жаҳон | 14:10 / 02.06.2017
21293
3 дақиқада ўқилади

Усмонов Навальний билан суддаги далиллар ҳақида гапириб берди

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати мухолифатчи Алексей Навальний билан судда тақдим этилган далиллар ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Газета.ru хабар тарқатди.

«Суд жараёни ва ундаги Навальний томонининг хатти-ҳаракати ҳақида тўхталадиган бўлсак, уни популистик обструкция сифатида баҳолаш мумкин. Жаноб Навальний ва унинг ҳуқуқшунослари ўз далил-исботларини тайёрлаш ҳақида бош қотиришмаган», - дея хабар беришган матбуот хизматида.

Судда Усмоновнинг судлангани юзасидан Ўзбекистон Олий суди ва Бош прокуратурасидан хатлар ҳамда Тушино туман судининг 2011 йилда шунга ўхшаш ор-номус ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш бўйича иш юзасидан қарори тақдим этилди.

Знаменское қишлоғидаги уйни Соцгоспроект жамғармасига ўтказиш бўйича Соцгоспроект ва Ист-Инвест Гуруҳига юборилган адвокатлик мурожаатлари, уларнинг жавоби ҳам тақдим этилди. Матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Навальний томонидан ҳеч қаерга ҳеч қандай мурожаат юборилмаган, пора ҳолати ҳақида ҳеч қандай далиллар берилмаган.

Усмонов вакилларининг айтишича, 2003 йилдан бери 12,5 млрд рубллик солиқлар тўланган ҳамда судда федерал солиқ хизматидан тегишли маълумотнома ҳам тақдим этилди.

Усмоновнинг давлат активларининг хусусийлаштириши борасида айтилишича, Лебединск ТКК, ОЭМК ва Михайловск ТККнинг акциялари асосий тўпламлари 2004 ва 2006 йилларда хусусий шахслардан юқори бозор нархида сотиб олинган.

«Жаноб Усмонов ўзининг медиаактивларида ҳеч қандай цензурани «ўрнатмаган». «Власть» журналининг собиқ муҳаррири Максим Ковальский нашрни томонлар ўзаро келишувига асосан тарк этган. Шу билан бирга, у бугунги кунда яна Коммерсант НУда ишламоқда. Жаноб Навальний томонидан Усмонов «цензура ўрнатаётгани» ҳақида ҳеч қандай далиллар келтирилмади», - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Москванинг Люблино тумани суди «Коррупцияга қарши кураш фонди» раҳбари Алексей Навальнийга миллиардер Алишер Усмонов Россия бош вазири Дмитрий Медведевга пора бергани ҳақидаги роликни ўчириш мажбуриятини юклади

Мавзуга оид