Жамият | 20:31 / 08.06.2017
10422
4 дақиқада ўқилади

Ўзбек экспертлари Ҳиндистонда Бобурнинг меросини ўрганишмоқда

Ҳиндистоннинг Newsnation.in нашри 5 июнь куни чоп этилган мақоласида жорий йилнинг апрелида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳиндистондаги ҳаёти, унинг Буюк мўғуллар сулоласи асосчиси сифатидаги мероси, шунингдек ўша даврдаги Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг тарихий-маданий алоқаларига оид маълумотларни тўплаш мақсадида Ўзбекистондан бир гуруҳ тадқиқотчилар ташриф буюргани айтилади. Тадқиқот бутун дунёдан Ўзбекистон ҳақидаги тарихий маълумотларни тўплаш ва расмийлаштиришга йўналтирилган "Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон бадиий коллекцияларида" лойиҳаси доирасида амалга оширилади.

Ҳиндистон Маданият вазирлиги қошидаги Миллий музейи директори Б.Манининг сўзларига кўра, ўзбекистонлик экспертлар Бобур ва унинг авлодларига тегишли қимматли маълумотларни ўзида жамлаган тарихий ҳужжатларига катта қизиқиш билдиришмоқда. Айниқса Ўзбекистонда ёзилган ва совға тариқасида мўғул ҳукумдорларига тақдим этилган Муқаддас Қуръон қўлёзмаси ҳамда Бобурнинг ҳаётига бағишланган "Бобурнома"нинг туркий тилдаги 15 нусхаси алоҳида аҳамиятга эга. Ҳиндистон томон экспертларнинг фаолиятида ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган. Лойиҳа координатори А.Зибкиннинг сўзларига кўра, бу йўналишдаги иш эндигина бошланган, олинган натижаларга қараб Ҳиндистонда бир ёки икки альбом яратиш режалаштирилмоқда. 

Ўзбекистонда Бобур давлат миқёсида буюк тарихий арбоб сифатида эъзозланиб келадиган бир вақтда Ҳиндистон тадқиқий доираларида унинг роли ва бу мамлакат тарихига қўшган ҳиссасига оид баҳслар давом этмоқда. Ўнг нигоҳ тарафдорлари Бобур ва бошқа мўғул ҳукмдорларини Ҳиндистонни тор-мор келтирган "босқинчилар" сифатида кўришади. "Бхаратия жаната" ультраўнг ҳинд партиясининг маданият ва санъат бўлими вакили Мохан Ядайнинг сўзларига кўра, Айодхьедаги Рам ибодатхонасини айнан мўғуллар бузишган. 

Бу партия Ҳиндистондаги мўғуллар сулоласи вакиллари шарафига номланган кўчалар номини ўзгартириш ташаббусини илгари сурмоқда. Уларнинг ташаббуси билан 2015 йилда Деҳлидаги Аурангзеб номидаги марказий кўча Ҳиндистоннинг собиқ президенти А.Калам шарафига қайта номланди. Шу билан бирга партия раҳбарияти Акбар номли кўчанинг мўғулларга қаршилик қилган ҳинд ҳукмдори Махаран Пратап номига ўзгартирди. 

Жорий йилда бу партия Бобур кўчаси номини Жамму ва Кашмир штатида жангарилар томонидан ўлдирилган ҳинд ҳарбий арбоби Уммер Фаёз шарафига қайта номлашни тавсия қилди.

Бундан ташқари, мазкур партия аъзолари томонидан бошқарилувчи Ражастон штати маъмурияти мамлакат олий таълим муассасаларида ҳинд ҳукмдори Махаран Пратапнинг мўғул шоҳи Акбар билан кечган жангининг талқинини унинг фойдасига ўзгартиришни таклиф қилди, ҳолбуки тарихий далиллар бунинг аксини сўзлайди.

Ижтимоий тармоқларда катта баҳсларга сабаб бўлган "Аурангзеб: Инсон ва Афсона" китоби муаллифи Одри Трушкенинг фикрича, ҳозирда мўғулларга қилинаётган ҳужумлар Ҳиндистоннинг ўтмишига алоқадор эмас. Бу кўпроқ мамлакатнинг амалдаги сиёсатига боғлиқ. О.Трушке мўғулларнинг "босқинчи" ва "бузғунчи" сифатида баҳоланиши мамлакатнинг тарихий маданиятини тушунишни чеклайди ва индуизмнинг мусулмонларга қарши йўналтирилган манфаатлари учун хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Ҳатто кўп ҳиндуларнинг ўз-ўзини идентификация қилиши бугун мўғуллар мероси билан белгиланади. 

Мавзуга оид