Ўзбекистон | 18:13 / 13.06.2017
67282
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекэнерго» раҳбари 8 ойда ишдан олинди, унинг ўрнида янги раис иш бошламоқда

«Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Фазлиддин Саломов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

«Кун.uz» манбаси берган маълумотга кўра, унинг ўрнига шу вақтгача Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган Улуғбек Мавлонович Мустафоев тайинланган.

Улуғбек Мустафоев 2010 йилдан 2016 йил кузигача Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган, шундан кейин унинг ўрнига Саидкамол Хўжаев тайинланган, Мустафоев эса Жиззах вилоятига жўнатилганди.

Улуғбек Мустафоев 1968 йилда туғилган, 1991 йилда Тошкент халқ хўжалик институтини тамомлаган («Молия ва кредит» мутахассислиги), шундан буён банк соҳасида фаолият юритган.

«Ўзбекэнерго» АЖнинг эндиликда собиқ раҳбари Фазлиддин Саломов 2016 йилнинг 23 сентябрида Искандар Басидов  (2012-2016) ўрнига тайинланганди. У ушбу лавозимда 8 ойдан ошиқроқ вақт ишлади.

14 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекэнерго» АЖ фаолиятини қониқарсиз баҳолаганди. Президент ташкилотда 67 минг ходим, қўштирноқ ичидаги «пул йиғувчилар» мавжуд бўлса-да, «улкан дебитор қарздорликнинг тагига етиб бўлмаслиги» ҳақида гапирганди. 30 май куни «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» штати 10 мингдан ортиқ ходимга қисқартирилиши маълум бўлди.

Мавзуга оид