Ноқонуний интернет: турли мамлакатларда қандай хизматлар блокланган
Telegram’нинг югургани сомонхонагача бўлди, афтидан. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) очиқдан-очиқ ушбу мессенжер террорчилар томонидан ишлатилганини айтиб турган экан, бўлди, ҳаммаси тамом: бу шов-шувли баёнот кетидан яқин бир неча кун ичида уни Россияда тақиқлаб қуйишлари турган гап. Сабаб эса оддий: Хизмат асосчиси Павел Дуров давлат хавфсизлик органлари билан ҳамкорлик қилишдан бўйин товлаб, ёзишмаларни ўқиш имкониятини уларга тақдим этишдан бош тортди. Худди мана шу сабаб билан кўплаб давлатларда у ёки бу интернет-хизматлар блоклаб қўйилган.
Ҳамма гап шифрланишда
Азал-азалдан давлат барча алоқа каналларини назорат қилиб келган: ҳу Оқподшо даврларида ҳам Лениннинг сургундан ёзган хатларида бутун бир гаплар ва абзацлар қирқиб олинган. Телеграф ва телефон пайдо бўлиши билан улар ҳам ўқила ва эшитила бошланган, интернет пайдо бўлганидан кейин ҳам ишлар шу зайлда давом этаётганди.
Россиянинг ҳар бир интернет-провайдери ва мобил алоқа оператори ўз ҳисобидан СОРМ («Тезкор қидирув тадбирлари тизими»)га тўсиқсиз уланишни таъминлаб, давлат хавфсизлик органлари ва ички ишларга сўзлашувлар ва ёзишмаларни назорат қилиш имкониятини яратиб беришлари шарт. Дарвоқе, ҳаммани бирваракайига эмас (бунинг учун ресурс етмайди, албатта), фақат жиноятда гумон қилинаётганларни.
Бу ҳолатда органлар шифрланмаган ахборотга эга бўлишлари керак, акс ҳолда замонавий калитларнинг мустаҳкамлиги уларни очиш учун бир неча йиллар сарфланишига олиб келади. Айнан шунинг учун Россияда махсус мобил телефонлардаги каби шифрлашнинг кўплаб усуллари тақиқланган.
Агар қандайдир умумфойдаланувчи алоқа канали шифрланса, СОРМни ишлатишдан маъни қолмайди, чунки жиноятчилар айнан ўша каналдан фойдалана бошлашади.
Ҳокимиятни эгаллаш
Интернет-хизматлар маъмурияти у ёки бу давлат органлари билан ҳамкорликка ҳар доим ҳам кўнаверишмайди: муайян бир ҳудуд учун шифрлашни ўчириб қўйиш жуда мураккаб вазифа, боз устига, бу чора уқувсиз ҳакерлар учун ҳам ёзишмаларни ҳимоясиз қилиб қўяди. Шу сабабли хизматлар улардан умуман фойдаланиб бўлмаслиги учун, бутунлай блокланади.
Албатта, бу террористлардан қутқарувчи восита эмас: профессионаллар муҳим маълумот алмашиш учун умуман электрон алоқадан фойдаланишмайди. Бироқ наркотик сотувчилар ва оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришни ният қилган ташкилотчилар каби «майда одамлар»га қарши курашишда бу самарали восита.
Ўзингиз тушунасиз, ҳокимиятни эгаллаш истагида бўлганлар ҳамма жойда ҳам топилади, давлат тепасида ўтирганлар ҳам аҳмоқ эмаски, интернетда ўтирган, халқаро тармоқ асосий пропаганда канали бўлган аллақандай пропагандачиларга ҳаммасини шундоқлигича топшириб қўйишса. Турли давлатларда айнан шундай сабаблар — «террорчиликка қарши кураш», «жосусликка қарши кураш», «марсликларнинг тажовузига қарши кураш» каби важ-корсонлар билан у ёки бу хизмат беркитилиб қўйилади — аслида эса бу биринчи навбатда ахборот ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қилинади.
Қаерда, нима блокланган?
* Хитой бу борада энг машҳур мисол бўла олади. 15 йилдан бери ишлаётган «Буюк Хитой электрон девори» Facebook, Twitter, Youtube, Dropbox, Flickr, шунингдек, Google хизматлари қолмоқда — айнан шунинг учун Aliexpress орқали харид қилинадиган хитойча смартфонларда ҳаттоки иловалар юклаб олинадиган Google Play ҳам йўқ. Хитойнинг намойишчилик фаолияти юқори бўлган Тибет ва Ички Мўғилистон каби бир қатор ҳудудларида WhatsApp ва Instagram ҳам ишламайди, шунингдек, тақиқни четлаб ўтганлик учун ҳам жазо назарда тутилган. Айланиб ўтиш усуллари ҳам тезда топиб блокланади, шу сабабли хитойликлар аллақачон қаршилик кўрсатишни йиғиштиришган ва машҳур хизматларнинг хитойча муқобиллари, масалан, Qzone ижтимоий тармоғидан фойдаланишади.
* Баҳрайнда Facebook ва YouTube блокланган. Бунга сабаб — намойишчиларнинг полиция томонидан калтаклангани туширилган видеороликлар жойлаштирилганидир.
* Туркманистонда Facebook, Twitter, «ВКонтакте», YouTube, Viber ва WhatsApp блокланган. Ўзбекистонда эса Skype ва Viber’дан фойдаланиш маълум бир қийинчиликлар эвазига амалга ошади.
* Эронда Facebook, Twitter ва YouTube йўқ, барча миллий ижтимоий тармоқ — Cloob’дан фойдаланади.
* Покистонда у ёки бу хизматдан фойдаланиш тўсатдан «терроризмга қарши курашиш» баҳонаси билан ёпиб қўйилади ва сўнгроқ яна очилади.
* Вьетнамда ҳам Facebook вақти-вақти билан ўчирилиб турилади.
* Саудия Арабистонида эса блоклаш амалда йўқ, лекин номақбул контент жойлаштирганлик учун жазоланиш мумкин. Масалан, паранжисиз селфи жойлаштирилган қизларга жарима солинган ҳолатлар жуда машҳур.
* Мисрда 2011 йилги тартибсизликлар вақтида интернет бутунлай ўчириб қўйилган, энди эса у ёки бу ижтимой тармоқ вазиятга қараб блокланиб-очилиб туради.
* Туркияда тартибсизликлар вақтида Twitter ишлатилмайди, баъзан эса YouTube.
* Шимолий Кореяда интернет деган нарсанинг ўзи йўқ.
* Сурияда бутун интернет вақти-вақти билан ўчирилиб турилади, урушгача фақат Facebook блокланиб турилган.
* Суданда бутун интернет бир суткага ўчирилади, у ерда YouTube’ни ҳам унчалик ёқтиришмайди.
* Бангладешда интернет тезлиги унга бирор видео жойлаштиришнинг имкони бўмаслиги учун мажбурий равишда пасайтирилган.
* Украина Россиянинг «ВКонтакте» ва «Одноклассники» ижтимоий тармоқларини блоклаган.
Юқорида тилга олинмаган мамлакатларда гарчи блоклаш амалиёти қўлланилмаса ҳам, кузатув олиб борилиши аниқ.
Блоклашдан қандай айланиб ўтиш мумкин?
Блоклаш маълум бир хизматлар серверларнинг IP-манзилларига провайдерлар даражасида тўсиқ қўйиш билан амалга оширилади. Блоклашдан айланиб ўтишнинг энг оддий усули VPN’дан фойдаланишдир. Бунда блоклаш мавжуд бўлмаган мамлакатдаги оралиқ сервергача шифрли каналлар ташкиллаштирилади.
Бироқ бу усул оддий кўрингани билан аксарият учун мураккаб ҳисобланади, боз устига, яхши VPN-хизматлар пуллик, текинлари эса жуда секин.
Натижада, хизматдан фақат техник жиҳатдан уқуви бор фуқароларгина фойдалана олишади, лекин уларнинг сони жуда кам ва улар хавфли эмас: асосийси — пропаганда кенг омма эътиборини жалб қилмаслиги керак.
VPN’ни ҳам блоклаш мумкин (масалан, буни Хитойда муваффақиятли амалга оширишмоқда), бу ҳолда Tor ва I2P бўлинган тармоқлар орқали уланишдан бошқа чора қолмайди, лекин бу жуда ҳам мураккаб усул ҳисобланади.
Яъни, кимга ўта зарур бўлса, уланиш учун чора топа олади, лекин бу усуллар ҳеч қачон оммавий бўла олмайди. Бундан эса ўша, қонунга итоат қилувчи фуқаролар кўпроқ жабр кўришади: уларга Тверь кўчаси бўйлаб сайр ёки ўрдакчалар ҳақидаги фильмлар мутлақо қизиқ эмас, лекин улар яхши ва қулай хизматлардан мосуво бўлишади.
Мавзуга оид
18:03 / 03.11.2024
Telegram мини-иловалар учун янги функцияларни жорий қилади
19:23 / 02.11.2024
Белгия Telegram терговида Франция билан ҳамкорлик қилади
19:06 / 01.11.2024
Киберхавфсизлик маркази Telegram орқали тарқалаётган вируслардан огоҳлантирди
11:41 / 01.11.2024