Жамият | 17:01 / 05.07.2017
6784
5 дақиқада ўқилади

O‘zLiDeP фаоллари ёшлар истиқболи юзасидан фикр алмашишди

Куни кеча Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги ёшлар оромгоҳида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Янги авлодни тарбиялаш, ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш борасида O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” олдидаги долзарб масалалар” мавзуида ўқув-семинари ташкил этилди. Бу ҳақда Кун.uz’га O‘zLiDeP  Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси вакиллари, таниқли тадбиркорлар, ҳудудий Кенгашлардаги партия ҳамда “Ёшлар қаноти” етакчилари ва фаоллари иштирок этишди.

Элбек Шукуров, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари:

— Ёшлар билан ишлашда нафақат битта маълум бир ташкилот балки барчамиз бирдек масъулмиз. Шу жумладан, сиёсий партиялар ҳам бугунги кунда айнан ёшлар масаласига катта урғу бермоқда. Хусусан, Президентимизнинг партия сеъздида ёшлар билан ишлаш бўйича берган тавсияларидан келиб чиқиб, бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан самарали ишлаш тизимини шакллантириш мақсадида партиямиз тизимида ёшлар билан ишловчи алоҳида қўшимча штат бирлиги ташкил этилди. Бугунги семинарнинг асосий мақсад ва вазифаси ҳам жойлардаги фаолларимизни, партиямизнинг ёш ҳайрихоҳларини бирлаштириб турган ана шундай етакчи-тарғиботчиларимизни замон талаблари даражасида ўқитиш, уларнинг ҳам касбий, ҳам назарий билим кўникмаларини оширишга қаратилган. Куни кеча Президентимизнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати IV қурултойида ёшлар масаласи борасида билдирган фикр мулоҳазалари, келгусида жуда катта кўламда амалга оширилиши шарт қилиб белгилаб берган вазифалари табиийки, бизнинг партия “Ёшлар қаноти” олдига ҳам қатор масъулиятли вазифаларни қўяди. Шундан келиб чиқиб, ўқув семинарларимизда айнан давлатимиз раҳбари қўяётган талаблар асосида янгича фикрлаб, замон билан ҳамнафас ишлайдиган, ёшларимизни эзгу ғоялар атрофида бирлаштириб, ёрқин келажакка сафарбар эта оладиган кадрларни тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган вақт давомида белгилаб олинган вазифалардан келиб чиқиб, O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” томонидан мамлакат ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда олиб борилаётган амалий ишлар, ёшлар ўртасида ўтказилаётган очиқ мулоқотлар, тарғибот ва ташвиқот ишларининг таъсир доираси ортиб бораётганлиги натижасида бугун 180 мингдан зиёд ёшлар партия сафида бирлашди.

Ана шундай ташаббускор, шижоати баланд ёшларнинг ташаббуси билан ташкил этилган тадбирнинг биринчи кунида ҳудудлардан келган партия “Ёшлар қаноти” фаоллари ва ёш тадбиркорлар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг асосий мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқувчи партия “Ёшлар қаноти”нинг келгусидаги вазифалари, етакчилик қобилияти, жамоани бошқариш ҳамда уни бирлаштириш механизмлари ва ёшларнинг бугунги кундаги муаммолари атрофлича муҳокама этилди.

Зебо Сафарова, Сурхондарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири:

- Жорий йилнинг ўтган 6 ой давомида туман (шаҳар) ҳудудидаги касб-ҳунар коллежларида Ватанимизнинг келажаги учун жавобгармиз!” шиори остида “Ёш мулкдор-юрт таянчи” ҳамда “Диплом билан бизнесга” лойиҳалари асосида, тижорат банклардан 161 нафар уюшмаган ёшларга жами 1млрд. 205 млн. 525 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Бунинг натижада ёшларимиз ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, ўз ишини бошлади. 116 нафар коллеж битирувчиси эса тижорат банклардан 566 млн. 793 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар олиш имконига эга бўлди.

Шунингдек, бугунги кунда сиёсий партиялар фаолиятига қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, жойларда замонавий тарғибот тадбирларини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот қилишнинг самарали усулларидан фойдаланиш, уюшмаган ёшлар билан самарали ишлаш қоидалари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Тадбирнинг иккинчи куни O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг мавжуд ўндан ортиқ лойиҳаси тақдимотлари бўлиб ўтди. Унда лойиҳаларга киритилган ўзгартиришлар ҳамда амалиётга татбиқ этилиши режалаштирилаётган янги лойиҳалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.    

Семинар доирасида таниқли тадбиркорлар иштирокида “Ёшларни, жумладан, уюшмаган ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ва “Start-Up”ларни қўллаб-қувватлаш” мавзуида мастер-класслар ва спорт мусобақалари ташкил этилди.

Тадбир якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан ёшларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари умумлаштирилиб, партия “Ёшлар қаноти” фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мавзуга оид