Ўзбекистон | 15:00 / 23.07.2017
37018
3 дақиқада ўқилади

Юридик хизмат минбари: Хорижликлар Ўзбекистон фуқаролигига қандай эришиши мумкин?

САВОЛ: Мен айни дамда Тожикистонда истиқомат қиламан, фуқаролигим ҳам Тожикистон фуқаролиги. Саволим шундан иборатки, мен қандай қилиб Ўзбекистон фуқаролигини олсам бўлади ва қаерга мурожаат қилишим керак? Икки давлат фуқаролиги олиш мумкинми ё фақат битта давлат фуқаролигида бўлишим шартми? 
Достон САФАРОВ, Тожикистон.

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 20 ноябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш учун хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс (чет элда яшовчи) Ўзбекистон Республикасининг мазкур мамлакатдаги дипломатия ва консуллик муассасалари орқали Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида ариза беради. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини қабул қилишни хоҳловчи шахс яшаб турган давлатда дипломатия ваколатхонаси, консуллик муассасаси бўлмаган тақдирда у Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилади. Илтимоснома ифодаланган ариза, аризачининг ажнабий фуқароликдан воз кечганлигини ёки унинг фуқаролиги йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат, таржимаи ҳолига доир маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлаган шаклдаги сўровномаларда уч нусхада баён этилади. Унга аризачининг фотосуратлари ва саломатлиги ҳақидаги маълумотномалар, жумладан, ОИТСга қарши текширувдан ўтганлиги тўғрисидаги қайд илова қилинади. Аризачи аризани тақдим этилган санани кўрсатиб имзолайди. 

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисидаги қонунинг 17-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш шартлари қуйидагилардан иборат:

1). Чет эл фуқаролигидан воз кечиш;
2). Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик.
Ушбу қоида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларга, башарти улар шу ерда туғилган ва ҳеч бўлмаса ота-онасидан бири, буваси ёки бувиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилганлигини ва бошқа давлатларнинг фуқароси эмаслигини исботласа, тааллуқли бўлмайди;
3). Қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;
4). Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини тан олиш ва бажариш. 

Саволга ҳуқуқшунос Сардор Неъматжонов жавоб берди. 

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.

Мавзуга оид