Атамбаев: Қамоқда ўтириши керак бўлганлар президент бўлмоқчи
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев мамлакат келажагидан ташвиш билдирди. У ҳозирда бир қадар асабийлашаётгани, одамлар яна алданиб қолиши мумкинлигидан хавотирда экани, қирғиз халқининг кечиримли ва унутувчанлиги яна панд бериши мумкинлиги ҳақида гапирган.
«Ҳозирда қамоқда ўтириши керак бўлган кишилар ўзини пиар қилиб, президент бўлмоқчи. Бу ҳам ўтар. Ўзинг учун аниқлаб олишинг керак, чунки, шундай сабаблар борки, баъзи сиёсатчиларни кечириб бўлмайди. Мамлакат ва халқ тақдирини бир кунлик шуҳрат ва шов-шувга алмаштириб бўлмайди», деган Атамбаев.
У мамлакат тоза қўлларда бўлишини ва ривожланишда давом этишини исташи ҳақида гапирган.
«Сайлов натижалари қандай бўлишидан қатъи назар уни тан олиш керак. Асосийси, биз овозлар тўғри ҳисоблашини таъминлашимиз керак. Яна бир иш бор, кимдир овозларни сотиб олишга ҳаракат қилиши мумкин, унда нима қиламиз... Биз одамларни охиригача уйғота олмаймиз, жавобгарлик уларнинг ўзида. Мен ҳокимиятни тинч топширишни кафолатлайман. Энди мамлакат бошқача, тизим бошқача. Агар кимдир вазиятни издан чиқармоқчи бўлса, кафолат бераманки, унинг жойи кўрсатиб қўйилади», — дея сўзларини якунлаган президент.
Қирғизистон президентилигига сайлов жараёни жорий йилнинг 15 октябрида бўлиб ўтади. Амалдаги президент Алмазбек Атамбаев сайловда иштирок этмайди, чунки мамлакат қонунчилиги олти йиллик муддатга бир мартадан ортиқ сайланишга рухсат бермайди.
Комиссия маълумотларига кўра, айни вақтга қадар 30 киши ўз номзодини олға сурган. «Улардан беш нафар сиёсий партияларнинг қурултойида олға сурилган бўлса, қолганлари ўз номзодини ўзлари олға сурган», — дейилади Марказий сайлов комиссиясида. Номзодлар орасида амалдаги бош вазир Сооронбай Жээнбеков, ҳукуматнинг собиқ раҳбарлари Темир Сариев ва Омурбек Бабанов, шунингдек, мухолифат парламент фракцияси етакчиси Бакит Торобаевнинг исмларини кўриш мумкин.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024