Light | 20:46 / 07.08.2017
23516
15 дақиқада ўқилади

Уоррен Баффетт йўл қўйган 10 хато

Уоррен Баффетт ҳақли равишда барча даврларнинг энг буюк сармоячиси ҳисобланади. Бошқа болалар ўйинчоқ ўйнаб юрган бир пайтда, у 11 ёшиданоқ фонд бозорида "ўйнаган". Баффетт бутун умрини шунга бағишлади, бу борада улкан тажриба тўплади ва салмоқли натижаларга эришди. 

Berkshire Hathaway раҳбари Уолл-стритни китоб каби ўқиш мумкинлигини исботлади. Forbes маълумотларига кўра, унинг активлари соф даромади деярли 75 миллиард долларни ташкил қилади - бу эса уни сайёранинг энг бадавлат кишиларидан бирига айлантиради.

Бироқ сармоявий истеъдодига қарамай, ҳатто Уоррен Баффеттт ҳам хатолардан холи эмас. Баффетт айбни ўз ходимларига ағдарувчи баъзи раҳбарлардан фарқли ўлароқ, ўз хатоларини тан олади ва акционерлар олдидаги масъулиятни ҳис қилади.

Агар сиз ўз инвестицион маҳоратингизни чархламоқчи бўлсангиз, унинг ғалаба ва мағлубиятлари тарихига назар солиш фойдадан холи бўлмайди. InsiderPro Уоррен Баффеттнинг ўрганиб чиқилиши керак бўлган 10 хатосига доир маълумот билан бўлишди.

 

1. Berkshire Hathaway хариди

2010 йилда CNBC каналининг "Squawk Box" кўрсатувида Бекки Квик билан кечган интервьюда Баффетт шундай деган: "Ҳаётим давомида харид қилган энг бемаъни акциялар - бу... Berkshire Hathaway".

Баффетт илк марта 1962 йилда Berkshire Hathaway - инқироз ёқасида турган тўқимачилик компаниясига сармоя киритган. У заводларнинг ёпилишида пул ишлаб олиши мумкин деб ўйлагани боис акцияларни харид қилган.

У компания раҳбарияти билан учрашиб, нарх борасида келишиб олган, бироқ кейинчалик фирма эндигина иш бошлаётган инвестордан келишувдагидан кўпроқ пул тортиб олишга ҳаракат қилган. Бундан ғазабланган Баффетт компания устидан назоратни сотиб олиб, директорни ишдан бўшатган ва яна 20 йил мобайнида ҳалокат ёқасидаги тўқимачилик бизнесини юритишга уринган. Баффеттнинг кейинчалик таъкидлашича, ширин қасос унга 200 миллиард долларга тушган. Унинг сўзларига кўра, "бунинг ўрнига яхши бир суғурта компаниясини харид қилиш осонроқ кечарди".

Масаланинг моҳияти шундаки, инвестицион қарорларни ҳис-туйғуларга берилиб қабул қилиб бўлмайди. Баффеттдек ўч олиш истагида бўласизми ёки шунчаки муаммоли бизнесни қутқариб қолмоқчисимисиз, шуни унутмангки, бизнес ҳиссиётларга эмас, фактларга асосланиши керак.

 

2. Tesco сармоялари

2012 йил охирида Berkshire Hathaway энг йирик Британия ритейлерининг 415 миллион акциясига эга бўлади. Харид баҳоси 2,3 миллиард долларни ташкил қилади. 2013 йил охирига бориб эса, Berkshire Hathaway Tesco'нинг 114 миллион акциясини сотади, аммо тахминан 301 миллионига эгалик қилишда давом этади ва бу компанияга зарар етказади.

2014 йилда даромад ошиши фонидаги бухгалтерия можароларидан кейин самарали гигант акциялари 48 фоиздан кўпроққа пасайиб кетди. Ўша йилдаги хатида Баффетт акционерларга Tesco бошқаруви борасидаги қўрқув унинг қимматли қоғозларни сотишига туртки берганини маълум қилган. Бунинг натижасида унинг даромади 43 миллион долларни ташкил қилди. Афсуски, у қолган 301 миллион акциядан халос бўлишга улгурмади.

"Ҳисоботни диққат билан ўқиган бўлсангиз, Tesco ўтган йили бизнинг оддий акцияларимиз рўйхатидаги энг йирик позицияни эгаллаган эди - энди эса у рўйхатда йўқ. Тан олиш ноқулай бўлса-да, Tesco акцияларини аввалроқ сотиш керак эди. Мен узоқ иккиланиб қолдим ва натижада бу инвестициялар катта хатога айланди", - деб ёзади Баффетт.

Унинг тан олишича, бу қадам компаниянинг солиқлар тўловидан кейин 444 миллион доллар йўқотишига сабаб бўлган. Уоррен Баффеттнинг бу омадсизлигидан ҳам керакли хулоса чиқариш мумкин: сармоявий қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш лозим. Агар хато қилганингизни англаб етсангиз, камомад инвестициялар кўринишидаги секин таъсир этувчи "бомба"дан халос бўлинг, уларнинг компанияга зиён етказишини кутиб ўтирманг.

 

3. Dexter Shoe Co. хариди

1993 йилда Уоррен Баффетт 433 миллион долларга Dexter Shoe Co. харидини амалга оширди. Дастлаб у бренд рақобат жиҳатидан устунликка эга деб ўйлади, бироқ бир неча йилдан сўнг бу хомхаёл бўлиб чиқди.

Баффетт 2007 йилда акционерларга йўллаган мактубида ўз ҳаракатларини узоқни кўра билмаслик билан изоҳлаб, бу сармоячиларга 3,5 миллиард долларга тушганини тан олди. Ўша пайт бу рақам Berkshire Hathaway соф баҳосининг 1,6 фоизини ташкил қилган.

"Бугунга келиб айтиш мумкинки, Dexter — мен имзолаган энг муваффақиятсиз битим. Бироқ келгусида мени яна бир уюм хатолар кутмоқда - бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади", - деб ёзади Баффетт.

Уоррен Баффеттнинг энг ёмон сармояси бизда асосий хулосани келтириб чиқаради: компания рақобатбардошлик жиҳатидан устунликка эга бўлсагина эътиборга лойиқдир. Мижозларнинг брендга содиқлигини сақлаб қолишга ҳеч қандай асослари (чегирмалар, ноёб маҳсулот, юқори сифат ва б.) бўлмаса, бундан кейин ҳам бўлмаслик эҳтимоли юқори.

 

4. Energy Future Holdings қарзи хариди

2013 йилда Баффетт акционерларга қуйидагича хат ёзади: "Аксариятингиз Energy Future Holdings ҳақида ҳеч эшитмагансиз. Шундай экан, омадингиз бор деб ҳисоблайверинг: мен ҳам билмаганимда яхши бўларди". Унинг маълум қилишича, Energy Future Holdings 2007 йилда "Техасдаги энергетика сектори компаниялари активлари харидини кўзлаб" шакллантирилган.

Улуш эгалари устав капиталда 8 миллиард доллар ишлаб олишди, кейин эса қарзга ботишди.

"Натижада Berkshire қарзнинг 2 миллиард долларга яқинини сотиб олди, ҳаммаси менинг Чарли (собиқ ҳамкори Чарльз Мангер) билан маслаҳатлашмай қарор қабул қилганим туфайлидир. Бу катта хато бўлди", - деб ёзади Баффетт.

Баффеттнинг прогнозларига кўра, Energy Future Holdings 2014 йилда банкротлик ҳақида эълон қилиши керак бўлган - шундай бўлди ҳам. 2013 йилда Berkshire Hathaway аввал қўлга киритилган 259 миллион долларлик бондларни сотди. Баффеттнинг ҳисоб-китобига кўра, унинг фирмаси умумий ҳисобда 873 миллион долларлик йўқотишга учраган. Сармоячи келаси сафар  ўзининг собиқ ҳамкори ва сармоя олами билимдонининг фикрини ўрганишга ваъда берди.

Уоррен Баффеттнинг хатолари ҳам ютуқлари каби йирик. Активларингиз нархи ошишини истайсизми - тасаввур қилинг, ҳеч нарса билмайсиз. Шундай экан, ёрдам учун ишончли бизнес ҳамкорга мурожаат қилиш керак.

 

5. Dallas-Fort Worth NBC станцияси харидидан воз кечиш

Уоррен Баффеттнинг ҳамма хатолари ҳам пул йўқотиш билан боғлиқ эмас. Унинг хатоларидан бири - Dallas-Fort Worth NBC станциясини 35 миллион долларга харид қилишдан воз кечгани, бу унга мўмай даромад олиш имконини берар эди.

Баффетт 2007 йилда акционерларга битган мактубида 1972 йилда шоколад ишлаб чиқарувчи See's Candies компаниясини харид қилган бир вақтда станция харидидан воз кечгани ҳақида сўз юритган. У компанияни ташкил қилган инсонга чин дилдан ишонгани ва унинг барча устунликларидан яхши хабардор бўлганига қарамай, бу таклифни рад этди - станция катта капитал киритишни талаб қилмас ва салмоқли ўсиш салоҳиятига эга эди.

"Нима учун мен "йўқ" дедим? Афтидан, ўшанда миям таътилга чиққан бўлган ва мени бундан бохабар қилишни ёддан чиқарган", - деб ёзган Баффетт.

Баффетт қўлдан бой берилган бу имкониятни ёдга олар экан, 2006 йилда станция даромади 73 миллион долларни ташкил қилганини таъкидлайди, у мактуб ёзган вақтда эса бу рақам 800 миллион долларга етган.

Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Имконият "ўз оёғи билан" келиб турганда уни қўлдан чиқарманг. Бу маълумотларни таҳлил ҳам қилмай, дуч келган бизнес таклифга ташланиш дегани эмас, албатта. Шундай бўлса-да, ишончли кишилардан келиб тушган таклифларга эътиборли бўлиш керак.

 

6. General Reinsurance хариди учун Berkshire Hathaway'нинг қўшимча акцияларини ишлаб чиқариш

1998 йилда General Reinsurance'ни харид қилишнинг ўзиёқ хато бўлган. Кейинроқ вазият барқарорлашди, бироқ бу Уоррен Баффетт ўз қароридан кўнгли тўлганини билдирмайди.

"Бошланғич босқичдаги баъзи муаммолардан кейин General Re ўз қадр-қимматини исботлади, - деб ёзади 2016 йилда Баффетт акционерларга. - Шундай бўлса-да, унинг хариди учун 272 200 Berkshire акциясини ишлаб чиқариб катта хатога йўл қўйдим - бу муомаладаги  акцияларимизнинг 21,8 фоизга ошишига олиб келди. Бунинг натижасида Berkshire акционерлари фойдадан кўра кўпроқ зарар кўришди - бизнес оламида бундай тамойил иш бермайди".

Баффетт 2001 йилда акционерларга йўллаган мактубида бу камомад битимнинг баъзи тафсилотларига изоҳ беради: у андеррейтинг натижасидаги йўқотишлар, шартномаларда террорчи актлар билан боғлиқ хатарларга доир пунктларнинг йўқлиги, аввалги йўқотишларни қоплаш учун General Re захираларининг етишмаслиги ҳақида сўз юритди. Натижада 2001 йилда Berkshire Hathaway 800 миллион доллардан жудо бўлди.

Асосий хулоса: яхшиси, барча рақамларни қайта текшириб, бунга молиявий экспертларни жалб қилиш. Шу билан бирга, хатоларни тўғирлаш ва уларни фойдали томонга йўналтиришни ўрганиш.

 

7. ConocoPhillips акциялари хариди

Баффетт 2008 йилда акционерларга ёзган мактубида шундай дейди: "Чарли ва бошқалардан бемаслаҳат ConocoPhillips'нинг жуда кўп акцияларини харид қилдим, у пайтлар нефть ва газ нархи жуда баланд эди. Йилнинг иккинчи ярмида эса энергия ресурслари баҳосининг кескин пасайиши мен учун буткул кутилмаган воқеа бўлди".

Худди шу мурожаатнинг ўзида Баффетт келгусида нефть нархига доир тахминлари билан бўлишган, лекин ўша пайт ҳаддан зиёд оптимист бўлганини тан олган. Шунингдек у бевақт харид фирмага бир неча миллиард долларга тушганини билдирган.

Мактуб ёзилган вақт - 2008 йилда Berkshire Hathaway ConocoPhillips'нинг деярли 85 миллион акциясига эга бўлган. Баффетт харидга 7 миллиард доллардан ортиқ пул сарфлади, ҳолбуки унинг бозордаги қиймати атиги 4,4 миллиард долларни ташкил қиларди.

Уоррен Баффеттнинг бу хатоси ўзингиз ишонган кишилар билан маслаҳатлашиш нақадар муҳим эканини яна бир бор намойиш қилади. Сизнинг дўстларингиз ёки маслаҳатчиларингиз сиз билмаган инсайдерлик маълумотларига эга бўлишлари мумкин ё бўлмаса, улар вазиятга бошқа томондан назар ташлашда ёрдам беришади.

 

8. Дэвид Соколнинг Lubrizol Corp. акциялари ҳақида асосий маълумотнинг йўқлиги

2011 йилда фирманинг бир неча шўъба корхонаси собиқ раиси Дэвид Сокол Баффеттга Lubrizol Corp. кимёвий компаниясини харид қилишни таклиф қилганидан кейин Уоррен Баффетт ва Berkshire Hathaway кийин аҳволда қолади. Муаммо Соколнинг олдиндан акцияларни қўлга киритганида бўлади.

Шундан сўнг сармоячи тахминан 9 миллион долларга Lubrizol'ни харид қилишга розилик беради - бу Соколга 3 миллион долларлик даромад келтиради. Сокол Баффеттга   Lubrizol акцияларини қўлга киритгани борасида ҳеч нарса демаганлиги учун унинг бу иши инсайдерлик савдо қоидаларининг бузилиши сифатида қаралади.

"Lubrizol ҳақидаги илк суҳбатимизда Дэйв бу компания акцияларига эгалик қилишини эслатиб ўтганди. Бу гап орасида айтиб кетилганди, шу боис мен унинг санаси ва ҳажми ҳақида сўрамагандим", - дейди Баффетт Соколнинг истеъфоси ҳақида маълум қилинган 2011 йилги матбуот релизида.

Баффетт ўз хатосини дарҳол англаб етмади, кейинроқ Berkshire Hathaway'нинг 2011 йилги йиғилишида у акцияларни харид қилганида Соколдан бу ҳақида сўрамагани аҳмоқлик бўлганини тан олди.

Хулоса? Ҳаддан ташқари ишонувчан бўлманг. Кўпроқ савол бераверинг - олдиндан ҳимояланиш ортиқча бўлмайди.

 

9. Amazon харидининг қўлдан бой берилгани

Баффеттнинг февраль ойида «Squawk Box»га берган интервьюсида ундан нима учун у ҳеч қачон  Amazon акцияларини харид қилмагани ҳақида сўрашди. У, афсуски, бу саволга аниқ жавоб йўқлигини айтди.

"Афтидан, уни аллақачон қўлга киритиш керак бўлган. Бироқ мен бу ажойиб компаниянинг салоҳиятини олдиндан кўра билмадим - ўшанда унинг баҳоси менга бироз ошириб юборилгандек кўринганди. Мен қаттиқ хато қилдим", - деди у.

Баффетт охиригача тушунмаган инвестицияларидан моҳирона воз кечади - бу бир вақтнинг ўзида ҳам яхши, ҳам ёмон. Албатта, бирор компания ҳақидаги мақтовларга кўр-кўрона ишониб ҳам бўлмайди, аммо маълумот етишмаслиги туфайли шартномадан воз кечиш ҳам тажрибали сармоячига хос эмас. Бунинг ўрнига билим ва кўникмалари бизникидан фарқланувчи профессионаллар билан ҳамкорлик қилиш керак.

Баффеттнинг Amazon'га сармоя киритмай, йўл қўйган йўқотишлари кўламини ҳеч ким баҳолай олмайди, лекин тарихга назар ташлаймиз: Amazon биринчи марта 1997 йилнинг май ойида 18 долларлик акцияларини чиқарган. 2017 йилнинг 4 августида сотувлар бошланишидан аввал акциялар 988 долларга баҳоланган, бу уларнинг дастлабки қийматидан тахминан 55 баробар кўп.

 

10. US Airways акциялари хариди

Умуман олганда, Уоррен Баффеттнинг бу шартномасини муваффақиятсиз деб бўлмайди, бироқ у US Airways акцияларини харид қилгани учун афсусланади. 1989 йилда у 358 миллион доллар эвазига ушбу авиакомпания (ҳозирда у American Airlines'нинг бир қисми) акцияларини қўлга киритади. Камомад бўлмаса-да, Баффетт бу қарори борасида анча кескин фикр билдирган. 

"US Airways'га қайта ҳаёт бағишлангани мўъжизанинг ўзи, - деб ёзади Баффетт 1997 йилда акционерларга йўллаган мактубида. - Бу инвестициялар билан қандай йўл тутганимини кузатганлар бу мавзуда бенуқсон ҳисобот тузганимни яхши билишади. Мен бу акциялар харидида хато қилдим ва яна нотўғри йўл тутдим".

Баффетт авиакомпаниянинг қайта тикланишини бош директор лавозимини Стивен Вольфга бўшатиб, ўзи ва Мангернинг директорлар кенгашини тарк этиши билан боғлайди. Баффетт айнан шу инсоннинг раҳбарлиги туфайли Berkshire қутқарилган, деб ҳисоблайди.

Гап шундаки, нимага қўл ураётганингизни билиш учун ҳар бир салоҳиятли сармояни яхшилаб ўрганиб чиқиш керак. Бундан ташқари, қўлга киритилган компаниянинг маълум даражада автоном фаолият юритишига имкон яратиш керак - бу нотаниш соҳага аралашгандан кўра яхшироқ.

Мавзуга оид