Жаҳон | 07:35 / 24.08.2017
13957
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Судандаги элчиси ўз уйида жонсиз ҳолда топилди 

Россиянинг Судандаги элчиси Миргаяс Ширинский Судан пойтахти Хартумдаги уйида ўлик ҳолда топилди, деб хабар бермоқда Al Arabiya телеканали. Телеканал манбасининг таъкидлашича, Ширинский бассейнда жонсиз ҳолда топилган. Телеканалнинг полициядаги манбасининг маълум қилишича, элчининг зўравонлик аломатлари билан ўлганидан дарак берувчи ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас.

Дипломатнинг вафот этгани Россия ташқи ишлар вазирлигининг ахборот ва матбуот департаментида тасдиқланди. “Афсус-надомат билан маълум қиламизки, 23 августда Хартумда Россиянинг Судандаги элчиси Миргаяс Ширинский вафот этди. Россиянинг Хартумдаги элчихонаси ходимларидан батафсил маълумотларни олгандан кейин ҳамкасбимизнинг ўлими тафсилотлари ҳақида маълумот берамиз”, деб айтилган ташқи ишлар вазирлигида.  

RT телеканалининг элчихонадаги суҳбатдошининг маълум қилишича, элчи юрак хуружидан вафот этган. Унинг айтишича, Ширинский жасади аниқлангандан кейин дарҳол шифокорлар чақиртирилган, бироқ улар элчи ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳеч нарса қила олишмаган.

Youm7 нашрининг маълум қилишича, элчи жасади ўликхонага жўнатилган. Кейинроқ унинг жасадини ёришга рухсат олиш кўзда тутилган.

Элчининг ўлими муносабати билан Судан ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳукуматига ҳамдардлик билдирган.

Ширинский 1991-1993 йилларда собиқ иттифоқ, сўнгра Россиянинг Ямандаги элчиси бўлган. 1993-1996 йилларда Россиянинг Жиддадаги бош консули, 2006-2013 йилларда Россиянинг Руандадаги элчиси бўлиб фаолият юритган.

Ширинский жорий йил январида берган интервьюсида Россия ва Судан ўртасида келишмовчиликлар йўқлигини айтиб ўтган. Ўшанда у Судан президенти Оман Ҳасан Ал-Баширнинг Москвага ташриф буюриши мумкинлигини айтиб ўтганди.

 

Мавзуга оид