Жаҳон | 00:15 / 06.09.2017
9479
2 дақиқада ўқилади

Колумбиянинг энг қудратли наркокартели ҳукуматга таслим бўлишини эълон қилди

Фото: Carlos Jasso / REUTERS

Колумбиянинг энг қудратли наркокартели “Кўрфаз клани” аъзолари мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига таслим бўлишга тайёрликларини маълум қилдилар. Бу ҳақда мамлакат президенти Хуан Мануэль Сантос эълон қилди, деб хабар бермоқда Colombiano нашри.

“3 сентябрда почта орқали клан етакчисининг мактубини олдик. У мактубда таслим бўлмоқчилигини билдирган. Мен адлия вазирлиги ва прокуратурага бу вазиятга баҳо беришни топширдим”, деб айтган Сантос.

Мактубда гуруҳ етакчиси Даиро Антонио Усуга наркокартелнинг барча аъзолари ўз қилмишларига жавоб беришга тайёрлигини билдирган.

Колумбия президентининг таъкидлашича, наркокартел аъзоларининг таслим бўлиши ҳақидаги хабар шуниси билан ҳам қувонарлики, бу гуруҳ йириклиги бўйича ҳукуматга қарши чиқаётган иккинчи рақамли гуруҳ эди. Яқин кунларгача Колумбия инқилобий қуролли кучлари (КИҚК)  бу борада биринчи саналиб келинарди.   

Ўтган йил 7 октябрда Сантосга ярим асрдан кўпроқ давом этган фуқаролик уруши тугатилишига қаратилган саъй-ҳаракатлари учун Нобель мукофоти берилганди. Шу йилнинг 26 сентябрида Сантос КИҚК жангчилари етакчиси Лондоньо Эчеверри билан тинчлик сулҳини тузишган.

Мавзуга оид