Ўзбекистон | 18:00 / 15.09.2017
77736
7 дақиқада ўқилади

Forbes Шавкат Мирзиёевни Хитой ислоҳотчиси Дэн Сяопинга қиёслади

Фото: President.uz

14 сентябрь куни Forbes Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва Президент Ш.М.Мирзиёев юритаётган ички ва ташқи сиёсатга доир мақоласини чоп этди.

"Хитойнинг Ипак йўли ташаббуси туфайли Евроосиё харитадаги қайноқ нуқтага айланди. Минтақанинг қачонлардир дунё учун ёпиқ бўлган энг кўп аҳолига эга мамлакати қайта ислоҳ қилиниш ҳаракатларини амалга оширмоқда. Бошланиши учун, мамлакат Марказий банки ўз валютаси - сўмнинг қадрини ошириш бўйича илк қадамларни ташлади. Бу ҳатто 5 сентябрь куни Bloomberg томонидан қайд этилди.

Марказий Осиёнинг қадимий давлати ҳисобланган Ўзбекистонда ҳозирда катта иқтисодий ислоҳотлар кузатилмоқда. Кўп йиллар давомида ҳукмронлик қилган Ислом Каримовдан кейин янги сайланган президент Шавкат Мирзиёев ташқи дунёга кўпроқ очилаётган ўзбек етакчиси сифатида қайд этилмоқда.

Мирзиёев Евроосиё кузатувчиларига умид бермоқда - минтақанинг йирик ҳарбий державаси ниҳоят ўз иқтисодиётини модернизациялаштирмоқда ва бу жараёнда бошқа мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатмоқда.

Фото: President.uz

Марказий Осиё ва Кавказ институтининг "Ипак йўли" дастури директори Сванте Корнелл ўзбеклар қўшнилар учун очилаётгани, янги президентнинг юритаётган ташқи сиёсатидан "ёқимли ҳайратда" эканини қайд этди.

Мирзиёев 2016 йилнинг 4 декабрида сайловчиларнинг 88,6 фоиз овозига эга бўлиб, президент этиб сайланди. У Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсатини ўзгартириб, хорижий капитални жалб қилиш учун (асосан Жанубий Корея ва Хитойдан) мамлакатнинг ҳуқуқий тизимини ўзгартирмоқда.

Президент этиб сайланганидан бир неча ой ўтиб Мирзиёев Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга борди. Ушбу ойда эса у Қирғизистонга ташриф буюрди. Мирзиёевнинг уч қўшни мамлакат - Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга ташрифи кучли сигнал ҳисобланади. Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқаларини яхшилаш устида ишламоқда".

"Юқори иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш  раҳбариятнинг устувор вазифасига айланди", - дея мамлакат сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг сўзлари келтирилади.

Фото: President.uz

"Мамлакат мақсадларидан бири - конструктив ташқи сиёсат юритиш. Шу боис Мирзиёев март ойида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан стратегик шериклик ва аҳил қўшничилик қўшма декларациясини имзолади. Ташриф давомида трансчегаравий солиққа тортиш, хавфсизлик ва савдо-сотиққа доир 13 ҳужжат имзоланди. Натижада икки мамлакат ўртасида 1 миллиард сўмлик инвестицион келишувлар имзоланди.

Баъзилар Шавкат Мирзиёевни Дэн Сяопинга қиёслашмоқда. Дэннинг Хитой тарихидаги роли - Хитойни қудратли давлатга айлантирган иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этган.

"Улар қадимий Ипак йўлининг бир қисми бўлишган ва энди янги Ипак йўлининг бир қисмига айланишади", - дейди Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг Reconnecting Asia лойиҳаси директори Жонатан Э.Хиллман.

Мамлакатнинг яна бир мақсади хорижий капитал жалб қилиш учун шароитлар яратишдан иборат. Кўп йиллар давомида улар Жаҳон банкининг "Бизнесни юритиш" ҳисоботида ўз рейтингини оширишга муваффақ бўлишди (190 мамлакат ичидан 87-ўрин).

Ўзбекистон 2019 йилга бориб тўлиқ валюта конвертациясига тайёргарлик кўрмоқда. Хитойдаги ислоҳотлар даврида бўлгани каби эркин савдо зоналари ривожланмоқда.

Ўзбеклар эҳтиёткор. Уларнинг ташқи қарзи ЯИМнинг 20 фоизидан кам.

Фото: President.uz

Қозоғистон шиддат билан ўсишини бошлаган пайтида Ўзбекистон ЯИМ борасида орқада қолаётганди. Бироқ мамлакат Қозоғистон каби қарзга ботмаган, хомашё товарлари кескин тушиб кетган бир даврда улар бу синовдан муваффақиятли ўтишди. Ўтган йили Ўзбекистон иқтисодиёти Хитой иқтисодиёти каби 7 фоизга ўсди, Қозоғистон эса - 1 фоизга.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонга қайтди. Улар шаффофликни ошириш ва маҳаллий статистикани мувофиқлаштириш борасида ҳукумат билан ишлашмоқда. Кейинги қадам суверен облигацияларни ишлаб чиқариш бўлади.

"ЕТТБнинг қайтгани ижобий ишорадир", - дейди Хиллман.

Май ойида янги ҳукумат беш йиллик режа доирасида 2,2 миллиард долларлик нефтни қайта ишловчи завод қурилиши ҳақида маълум қилди. Нефтнинг катта қисми Россия ва Қозоғистондан келади. Ўзбекистоннинг захиралари яхши ўрганилмаган, халқаро нефть-газ компаниялари эса ўз фаолияти кўламини кенгайтирмоқда".

"Биз инвестицион иқлимимизни яхшилаш кераклигини биламиз. Бунинг учун биз хорижий консалтинг компаниялари, инвестицион банклари ва бошқа халқаро молиявий институтлар билан иш олиб бормоқдамиз", - дея Сафоевнинг сўзлари келтирилади.

Фото: President.uz

"2021 йилдан 27 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюришлари мумкин бўлади. 2019 йилдан эса ўз фуқароларини ҳам бошқа давлатларга чиқиши соддалаштирилади. Россия, Хитой, Туркия, Ғарбий Европа ва АҚШга саёҳат қилувчи баъзи ўзбеклар ҳануз чиқиш визасига муҳтож.

Сафоев деярли Трампнинг устувор вазифаларига ўхшаш вазифаларни қайд этди:

  • кичик ва ўрта бизнес эгаларига норматив юкни камайтириш;
  • баъзи инспекцион ташкилотлардаги бюрократик оворагарчиликларни камайтириш;
  • молиявий, солиқ ва божхона тизимларини либераллаштириш;
  • хусусий бизнесни ҳукуматдан ҳимояловчи қонунларни қайта ислоҳ қилиш.

Приватизация бўлади, лекин ўзбеклар электр энергияси,  олтин конлари ва асосий инфратузилма, темир йўллар ва ҳаво йўллари каби стратегик муҳим ҳисобланган компаниялар ва секторлар устидан назорат олиб боради.

Пахта ҳануз энг катта маҳсулотлигича қолмоқда. Агробизнес секторини модернизациялашга ҳаракат қилинмоқда.

Сиёсий томондан улар коррупцияга қарши курашга эътибор қаратишмоқда.

Фото: President.uz

Шундай бўлса-да, миллатнинг сиёсий уйғониши учун бир ёки икки авлод янгиланиши керак бўлади. Ўзбекистон - ёш мамлакат. Ўртача ёш 26,7ни ташкил қилади. Бу Россиядан 12 ёшга, Қозоғистондан 4 ёшга ёшроқ дегани.

Бугунга қадар ички курашга доир ҳеч қандай белгилар намоён бўлмади. "Бу эса яхши белги. Ўзбекистон Евроосиё интеграциясига ёрдам бермаслиги учун асос йўқ", - дейди эксперт".

Мавзуга оид