Ўзбекистон | 17:10 / 04.10.2017
13219
2 дақиқада ўқилади

Мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолларда унинг мулки олиб қўйилмайди

4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 12-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унинг кун тартибига 8 та масала киритилиб, сенаторлар дастлаб “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилишди.

Шундан сўнг, Сенат аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишди ва якдиллик билан тасдиқлашди. 

Мазкур қонунда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси, Ўзбекистон Республикаси ветеринария қўмитаси ташкил этилганлиги туфайли янги қонун билан қатор қонунчилик ҳужжатлари, хусусан, 9 кодекс, ўнга яқин қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши белгиланган.

Бундан ташқари, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини мустаҳкамлашни кучайтириш белгиланган. Унда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва хусусий мулк объектларидан самарали фойдаланишни амалга ошириш механизмини такомиллаштириш, жиноят қуроли ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети сифатида мулкдан фойдаланишда мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолларда мулкни олиб қўйиш (вақтинчалик олиб қўйишдан ташқари) ва мусодара қилишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган. 

Ушбу вазифада белгиланган янги талаблар Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига киритилиши Қонун билан белгиланмоқда. 

 

Мавзуга оид