Жаҳон | 09:40 / 18.10.2017
12725
2 дақиқада ўқилади

Amnesty International: Мьянма хавфсизлик кучлари юзлаб роҳингяларни ўлдирган

Фото: Andrew Stanbridge / Amnesty International

Мьянма хавфсизлик кучлари вакиллари роҳингя халқининг юзлаб вакилларини ўлдирган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган Amnesty International ташкилотининг Роҳингя мусулмонларига доир ҳисоботида шу ҳақда сўз юритилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари тақдим этган маълумотларга кўра, 25 август куни "Мьянма хавфсизлик кучлари вакиллари… Рокҳайн штатининг шимолий қисмидаги роҳингялар қишлоғини қуршаб олган. Ўшанда аёллар, эркаклар ва болалар ўз уйларини тарк этишган. Бу вақтда аскарлар ва полициячилар уларга қарата ўт очиб, юзлаб кишиларни ўлдирган ёки жиддий жароҳатлаган".

"Гувоҳларнинг сўзлари, Amnesty International ходимлари томонидан тўпланган сунъий йўлдошлардан олинган тасвирлар, фото- ва видеодалиллар, бошқа маълумотлар ҳам битта хулоса чиқаришга олиб келмоқда. Роҳингя элатининг юз минглаб аёллар, эркаклар ва болалари инсониятга қарши кенг қамровли ва тизимли ҳужумлар қурбони бўлган", — дейилади ҳужжатда. 

Қайд этилишича, "сўнгги ҳафталарда Бангладешга қочган 120 дан ортиқ роҳингя эркак ва аёлларининг кўрсатмалари ҳамда 30 нафар шифокор, журналист, ижтимоий ишчилар ва Бангладеш расмийлари билан суҳбатлардан сўнг, шундай хулосага келинган".

Мьянма ғарбидаги Рокҳайн штатидаги вазият 25 августда кесскинлашди. Ўшанда "Роҳингяни қутқариш Аракан армияси"нинг юзлаб жангарилари полициянинг 30 та таянч пунктига ҳужум қилган. 

Бугунги кунда Мьянмадан Бангладешга қочган роҳингя мусулмонлари сони 582 минг кишини ташкил этмоқда. 

Мавзуга оид