Жаҳон | 09:07 / 30.10.2017
7663
3 дақиқада ўқилади

Барзаний: Бағдод Ироқ Курдистонига ҳужум қилиш учун референдумдан фойдаланди

Ироқ Курдистонининг мустақиллиги бўйича референдум Бағдод томондан мухториятга ҳужум қилиш учун баҳона бўлган. Бундай фикрни 29 октябрда референдум ўтказилгандан кейин илк бор телевидение орқали мурожаат қилган мухторият раҳбари Масъуд Барзаний айтиб ўтди. Бу ҳақда Sky News Arabia телеканали хабар берган.

Мухториятнинг кўп йиллик етакчиси 1 ноябрда ўз ваколатларини топширмоқда.

"Марказий ҳукумат Курдистонга қарши қилаётган ишлар аввалдан режалаштирилган бўлган. Референдум эса мухториятимизга ҳужум қилиш учун бир баҳона бўлган", деб айтиб ўтди Барзаний.

Барзанийнинг айтишича, референдумдан мақсад курдлар учун муаммоларни ҳал қилишнинг тинч йўлини топишдан иборат бўлган. "Биз ҳамиша референдум ортидан дарҳол мустақиллик ҳақида бирор-бир декларациялар эълон қилинмаслигини  ва биз доимо мулоқотга интилганимизни айтиб келганмиз. Ҳозир бўлаётган ишлар референдум деб бўлмаяпти. Агар у бўлмаганда ҳам, Бағдодда барибир курд туманларига ҳужум қилиш ва мухториятдаги вазиятни издан чиқариш режаси бўлган", деб таъкидлаб ўтди Барзаний. 

Барзанийнинг айтишича, курдларни уларнинг "тоғларидан" бўлак ҳеч ким қўллаб-қувватламайди. "Бироқ минглаб одамларимиз ўзларини ва халқни ҳимоя қилишга тайёр. Биз қон тўкилишини истамаймиз ва муаммолар мулоқот йўли билан ҳал қилинишига интиламиз, бироқ улар уруш олиб бормоқчи бўлсалар, биз ўлимни танлаймиз ва бизнинг шаънимизга доғ тушишига йўл қўймаймиз. Мен аминманки, халқимиз ўз тақдирини белгилаш учун курашда муваффақият қозонади, мустақиллик учун овоз берганлар эса ҳеч қачон ўчмайдиган тарихни яратдилар", деб ўз сўзларини давом эттирди Барзаний.  

Барзаний баҳсли ҳудудларда куч қўллаётган Бағдоднинг ҳаракатларини "қонституцияга зид" деб атади ва марказий ҳукуматни яна бир бор мулоқотга чорлади. "Улар конституцияни ҳимоя қилишаётганини айтишмоқда, бироқ унинг қаерида сиёсий курашда Ироқ қўшинларини қўллаш мумкинлиги ёзилган? Агар Бағдод ҳақиқатан ҳам тинчлик ва мулоқотни истаса, унда курд вилояти бу жараённи бошлади ва умид қиламизки, Бағдод биз билан мулоқот қилишга тайёр", деб айтди Курдистон раҳбари.

Мавзуга оид